Ҳар томонлама фойдали ва манфаатли
Dunyo
2024-05-12
846
Янги Ўзбекистон даврида хотин-қизларнинг жамиятдаги фаоллигини ошириш, соғлиғини сақлаш, касбга ўқитиш ва бандлигини кафолатлаш, тадбиркорликка кенг жалб этиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, гендер тенгликни таъминлаш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Айниқса, гендер тенглик масаласи давлат сиёсати даражасига олиб чиқилди.
Бугунги кунда опа-сингилларимизнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада 40 дан зиёд норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Ўзбекистон хотин-қизларни камситиш ва таъқиб қилишнинг барча шаклларидан ҳуқуқий, ижтимоий ва иқтисодий ҳимоя этишни назарда тутувчи халқаро шартномаларга қўшилди. Шубҳасиз, бу саъй-ҳаракатлар, қабул қилинаётган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ўзбек аёлининг ҳам оила, ҳам жамиятдаги нуфузини юксалтиришга хизмат қилмоқда.
Самарқанд шаҳри мезбонлигида ўтказилаётган Осиё халқаро хотин-қизлар форуми Президентимиз ташаббусининг амалдаги рўёби бўлиб, минтақа мамлакатлари етакчи аёлларининг бунёдкорлик салоҳиятини рўёбга чиқариш, уларнинг давлат ва жамият бошқаруви ҳамда иқтисодиётдаги иштирокини янада кенгайтиришда ўзаро тажриба алмашиш, муҳим мавзуларда фикрлашиш имкониятини тақдим этгани билан ниҳоятда аҳамиятли бўлди.
Ушбу нуфузли анжуманнинг биринчи кунида хотин-қизларнинг фан, таълим ва инновацион фаолиятдаги иштирокини таъминлаш, рақамли технологиялардан фойдаланиш кўникмаларини шакллантириш, ҳозирги глобал иқтисодиётда уларнинг имкониятларини кенгайтириш орқали кабағалликни қисқартириш, гендер тенглик, аёллар ва болаларга нисбатан камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш, жамиятда уларнинг иштирокини рағбатлантиришга оид бир қатор масалалар кенг муҳокама қилинди. Хотин-қизларнинг таълим олишларини қўллаб-қувватлаш, бу борадаги тўсиқларга барҳам беришга қаратилган аниқ таклиф ва тавсиялар экспертлар, олима ва сиёсатшунос аёллар томонидан илгари сурилди.
Шунингдек, Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда хотин- қизлар иштироки масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Ишонамизки, Самарқанд форумида билдирилаётган фикр-мулоҳазар ва тавсиялар қитъамиз хотин-қизлари учун ҳар томонлама фойдали ва манфаатли бўлади.


