Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилишга оид ҳуқуқий асос такомиллаштирилмоқда

Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилишга оид ҳуқуқий асос такомиллаштирилмоқда

Qonunchilik

2024-05-15

866

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси томонидан “Ҳайвонларни шафқатсиз муносабатдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокамасига бағишланган ишчи гуруҳ йиғилиши ўтказилди.

Мамлакатимизда экология ва атроф-муҳитни асраш, ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан оқилона фойдаланишга оид муносабатларни тартибга солувчи ҳуқуқий база яратилган. Хусусан, “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги қонун билан ёввойи ҳайвонлар мажмуини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасидаги масалалар батафсил тартибга солинган.

Бироқ, жамиятда ҳайвонларга, шу жумладан, уй ҳайвонлари ва қаровсиз ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш ҳолатлари учраб турибди. Аниқланганидек, уларни чиплаш, идентификация, вакцинация ва стерилизация қилишнинг замонавий тизими йўлга қўйилмаган. Қолаверса, ҳайвонларга нисбатан шафқатсизликка қарши кўрилаётган чораларни кучайтириш зарурати сабабли Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан “Ҳайвонларни шафқатсиз муносабатдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Назоратсиз ҳайвонларни тутиш ва вақтинча сақлаш билан боғлиқ тўпланиб қолган муаммоларни бартараф этиш мақсадида ишлаб чиқилган қонун лойиҳасида уй ҳайвонларини рўйхатга олиш, ҳисобини юритиш, чиплаш, қаровсиз ҳайвонларнинг ҳисобини юритиш ва сақлашга доир нормалар ўз аксини топган. Ҳайвонларга эгалик қилиш ҳуқуқи, уларнинг мулкдорлари (эгалари) ёки масъул шахсларнинг мажбуриятлари аниқ қилиб мустаҳкамланмоқда.

Бундан ташқари, ҳайвонларни шафқатсиз муносабатдан ҳимоя қилинишини таъминлашга ваколатли давлат органлари, уларнинг ҳуқуқ ва бурчлари, ваколатлари белгиланмоқда. Энг муҳими, қаровсиз қолган ҳайвонлар билан муомалада бўлиш қоидалари тартибга солинмоқда.  Ҳайвонлардан илмий, ўқув, тиббий, биологик, ветеринария, шунингдек, диагностика мақсадларида фойдаланишни тартибга солувчи нормалар ҳам қонун лойиҳасида ўз аксини топмоқда.

Ишчи гуруҳ аъзолари мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши жамиятда ҳайвонларга нисбатан инсонпарварлик маданияти ва масъулият ҳисси шакллантирилишига хизмат қилишини таъкидлашди. Шунингдек, ҳайвонларнинг ҳаёт кечиришга бўлган табиий ҳуқуқлари кафолатланиши, дунё мамлакатларининг тажрибаси ва халқаро ташкилотларнинг тавсияларини инобатга олишга оид таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Берилган фикр-мулоҳазалар асосида қонун лойиҳасини янада такомиллаштиришга келишиб олинди.

Biz bilan bog'lanish

Savol, taklif va murojaatlaringizni bizga yo'llashingiz mumkin

Biz bilan bog'lanish

Savol, taklif va murojaatlaringizni bizga yo'llashingiz mumkin

Biz bilan bog'lanish

Savol, taklif va murojaatlaringizni bizga yo'llashingiz mumkin

Create a free website with Framer, the website builder loved by startups, designers and agencies.