Ўзбекистон — Тожикистон: Икки томонлама муносабатлар янги босқичга кўтарилади

Ўзбекистон — Тожикистон: Икки томонлама муносабатлар янги босқичга кўтарилади

Aloqalar

2024-05-14

888

Кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддин Исмоиловнинг Тожикистон Республикаси Мажлиси Оли Мажлиси намояндагон раисининг ўринбосари Муини Мавсума Муинзода бошчилигидаги делегация билан учрашуви бўлиб ўтди.

Жорий йилнинг 13-14 май кунлари Самарқанд шаҳрида ўтказилган Осиё хотин-қизлар форуми доирасида мамлакатимизда бўлиб турган делегация раҳбари М. Муини самимий қабул учун миннатдорлик билдирар экан, Тожикистон Парламенти делегациясининг Ўзбекистонга сафари самарали ўтаётганини таъкидлади.

Делегация раҳбари сўнгги йилларда Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида Ўзбекистонда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, давлат бошқарувидаги иштирокини кенгайтириш, тенг ҳуқуқ ва имкониятлар билан таъминланишини кафолатлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларга юксак баҳо берди.

— Самарқанд шаҳрида юксак савияда ташкил этилган форум нафақат Тожикистон ва Ўзбекистон сингари Марказий Осиё давлатлари, балки бутун Осиё мамлакатларидаги етакчи аёлларнинг бир майдонда тўпланиши ҳамда хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини оширишдаги илғор тажрибалар алмашинилишида муҳим платформа вазифасини ўтади, — деди М. Муини ўз сўзида. — Форум давомида бугун биз Янги Ўзбекистонда хотин-қизларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш, раҳбарлик қобилиятини ва тадбиркорлик салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқириш, уларга замонавий билим бериш масалалари тизимли ҳал қилинаётганига гувоҳ бўлдик. Қолаверса, форум доирасида Ўзбекистон парламенти вакиллари билан ўтказилган икки томонлама ҳамкорлик учрашувлари парламентлараро алоқаларимизни янги босқичга олиб чиқишига ишонамиз.

Учрашувда қайд этилганидек, яқинда Ўзбекистон Президентининг Тожикистонга ташрифи доирасида мамлакат Олий Мажлиси Намояндагон мажлиси Раиси Маҳмадтоир Зокирзода билан учрашувида парламентлараро алмашинувни янада фаоллаштириш, кооперация лойиҳалари ва маданий-гуманитар дастурларни қўллаб-қувватлаш ва илгари суриш учун соҳавий қўмиталар ва ҳудудий кенгашлар даражасида самарали алоқаларни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинган эди. Форум доирасида Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ташкил этилган мазкур учрашув икки томонлама парламентлараро ҳамкорликни янада кенгайтириш, истиқболдаги режаларни биргаликда муҳокама қилиш имконини бергани таъкидланди.

Мулоқот чоғида делегация аъзоларига “Ўзбекистон — 2030” стратегияси доирасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, янги таҳрирдаги Конституцияни ҳаётга татбиқ этиш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳамда қуйи палата фаолияти тўғрисида атрофлича маълумот берилди.

Шунингдек, Қонунчилик палатаси Спикери Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги муносабатларга тўхталиб, икки мамлакат раҳбарларининг ўзаро ишончга асосланган муносабатлари ва қатъий сиёсий иродаси туфайли қардошлик ришталари ривожида мисли кўрилмаган ютуқларга эришилгани, хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил апрель ойидаги Тожикистон Республикасига ташрифи чоғида имзоланган Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги битимнинг аҳамиятига тўхталиб ўтди.

Учрашувда сўз олган Тожикистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Абдужаббор Раҳмонзода биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан иқтисодиёт, савдо, транспорт-коммуникация, энергетика ва тиббиёт соҳаларидаги икки томонлама ҳамкорлик янги босқичга кўтарилганини эътироф этди. Шу кунларда Ўзбекистонда бўлиб ўтаётган энергетика ҳафталигида Тожикистон томонининг иштирок этаётгани, қолаверса, шу йилнинг апрель ойида Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган Онкоурология бўйича Евроосиё иккинчи форумида ҳам Тожикистоннинг 51 нафар соҳа шифокорлари қатнашгани барча соҳаларда ўрнатилган ўзаро муносабатларнинг янада яқинлашганидан далолат эканини таъкидлади.

Конструктив руҳда ўтган учрашувда Ўзбекистон — Тожикистон парламентлари ўртасидаги дўстлик гуруҳлари ва парламентларнинг тегишли қўмиталарининг мунтазам йиғилишларини ўтказиш орқали парламентлараро ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш, ҳужжатларни инвентаризация қилишда депутатлик корпусининг ролини ошириш, делегациялар алмашуви ҳамда норма ижодкорлиги соҳасида тажриба алмашиш масалалари муҳокама қилинди.

Мулоқот якунида томонлар халқаро парламент ташкилотлари доирасида, айниқса, гендер тенглиги, хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, таълим ва ёшлар сиёсати каби масалаларда ўзаро қўллаб-қувватлаш ва амалий ҳамкорликни ҳар томонлама давом эттиришга келишиб олдилар.

 

***

Мазкур учрашувдан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳамда Тожикистон Республикаси Мажлиси Оли Мажлиси намояндагони ўртасидаги ҳамкорлик бўйича парламентлараро дўстлик гуруҳининг ҳам йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда Қонунчилик палатаси ҳамда Тожикистон Республикаси Мажлиси Олининг Мажлиси намояндагони ўртасида тузилган дўстлик гуруҳлари фаолиятини янада жадаллаштириш юзасидан фикр алмашилди. Икки томонлама алоқаларда эришилган муайян натижалар эътироф этилар экан, ҳали бу борада ишга солинмаган имкониятлар кўплиги қайд этилди.

Музокаралар якунида томонлар икки давлат ўртасидаги муносабат ва амалий ҳамкорликни ҳар томонлама мустаҳкамлашда парламентлар имкониятларидан кенг фойдаланишга келишиб олдилар.

 

Сўз — иштирокчиларга

 

Мадина БАРАТОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, дўстлик гуруҳи аъзоси:

— Ўзбек ва тожик халқларини умумий тарих, ўхшаш маънавий қадриятлар боғлаб туради. Бугунги кунда давлатларимиз ўртасидаги стратегик ҳамкорлик юксак даражага кўтарилган. Хусусан, сўнгги йилларда икки мамлакат ўртасида парламентлараро муносабатлар анча фаоллашди.

Ишонамизки, мазкур учрашув парламентларимиз ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик, дўстлик ва яқин қўшничилик муносабатларини чуқурлаштириш, амалий алоқалар самарадорлигини янада ошириш ҳамда қонун ижодкорлиги соҳасида ўзаро тажриба алмашиш, бу борадаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

 

Аҳмаджон ҒАНИЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, дўстлик гуруҳи аъзоси:

— Қонунчилик палатасида бўлиб ўтган икки мамлакат дўстлик гуруҳларининг йиғилишида парламентлар ўртасидаги алоқаларни янада ривожлантириш истиқболлари кенг муҳокама қилинди. Амалий ҳамкорликни ҳар томонлама мустаҳкамлашда парламентларнинг ролини кучайтириш, бу борада парламент делегациялари алмашинувини доимий йўлга қўйиш, парламентларнинг қонун ижодкорлиги ва назорат-таҳлил фаолияти юзасидан ўзаро тажриба алмашиш лозимлигига алоҳида эътибор қаратилди.

Шу нуқтаи назардан айтганда, ушбу учрашув Тожикистон парламенти билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, ўзаро мулоқотларни янги босқичга кўтаришга хизмат қилиши, шубҳасиз.

 

 

 

Biz bilan bog'lanish

Savol, taklif va murojaatlaringizni bizga yo'llashingiz mumkin

Biz bilan bog'lanish

Savol, taklif va murojaatlaringizni bizga yo'llashingiz mumkin

Biz bilan bog'lanish

Savol, taklif va murojaatlaringizni bizga yo'llashingiz mumkin

Create a free website with Framer, the website builder loved by startups, designers and agencies.