Ёшлар парламент фаолияти билан танишди
Qonunchilik
2024-05-16
475
Кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатасида “Очиқ эшиклар куни” доирасида бир қатор тадбирлар ўтказилди. Уларда Тошкент иқтисодиёт ва педагогика институти, Тошкент кимё-технология институти Янгиер филиали, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети талабалари, шунингдек, “Ўзбекгидроэнерго” АЖ ёш ходимлари иштирок этиб, қуйи палата фаолияти билан яқиндан танишдилар.
“Ўзбекистон — 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурида белгилаб берилган вазифалардан келиб чиқиб ташкил этилган бундай мулоқотлар мунтазамлик касб этиб бораётгани эътиборга молик. Бу бежиз эмас. Чунки навқирон авлод вакиллари билан бевосита суҳбат қилиш, қизиқиш ва интилишларини ўрганиш ёшларга оид давлат сиёсатини изчил амалга оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Ёшлар билан учрашувларда Президентимиз ташаббуси билан барча соҳада, жумладан, навқирон авлод вакилларининг манфаатларини кафолатлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ҳуқуқий асоси, мамлакатимиз тарихида биринчи марта умумхалқ референдуми орқали, яъни бевосита халқимиз томонидан қабул қилинган янги таҳрирдаги Конституциямизнинг мазмун-моҳияти ҳақида атрофлича маълумотлар берилди.
Миллий сайлов қонунчилигимиз умумэътироф этилган халқаро принцип ва нормаларга тўла мос ҳолда ҳуқуқий жиҳатдан янада ривожлантирилгани қайд этилди. Хусусан, сайлов ва референдум ўтказиш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган Конституциявий Қонун билан мамлакатимизда янги сайлов тизими жорий этилиб, сайлов ва референдум ўтказишнинг очиқлиги, шаффофлигининг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланди.
Эндиликда Қонунчилик палатаси сайлови аралаш (мажоритар, пропорционал) сайлов тизими асосида ўтказилиши, унда қуйи палатанинг 75 нафар депутати мажоритар сайлов тизими асосида бир мандатли сайлов округларидан, қолган 75 нафари пропорционал сайлов тизими (партиялар рўйхати) асосида сиёсий партияларга берилган овозлар бўйича ягона сайлов округидан сайланиши назарда тутилгани ҳақида талабаларга тушунтиришлар берилди.
— Талабалар билан учрашувларимиз самимий ва конструктив руҳда ўтди, — дейди Ёшлар масалалари бўйича комиссия раиси Муҳаммаджон Валиев. — Мулоқот давомида ёшлар “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида белгиланган вазифалар, шунингдек, давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилаётган ташаббусларнинг ҳаётимизда нечоғли аҳамиятга эгалиги, долзарблиги, унинг доирасида рўёбга чиқарилаётган ислоҳотлар ҳақида зарур маълумотга эга бўлдилар. Айтиш мумкинки, бу каби тадбирлар йигит-қизларимизни мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида фаол иштирокини таъминлаш, дахлдорлик ҳиссини кучайтириш, парламент ҳақидаги билимларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Қонунчилик палатаси фаолияти билан таниш жараёнида талабаларга қуйи палата, сиёсий партиялар фракциялари ҳамда қўмиталар иш фаолияти, қонунларни қабул қилиш жараёни ҳақида ҳам сўзлаб берилди. Қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш, уларни дастлабки тарзда кўриб чиқиш, биринчи ва иккинчи ўқишга тайёрлаш, ялпи мажлис муҳокамаларига киритиш билан боғлиқ муҳим масалалар юзасидан атрофлича маълумот берилди.
Ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди ҳамда ўз таклиф ва таассуротлари билан ўртоқлашишди. Шунингдек, улар замонавий талабларга жавоб берадиган парламент кутубхонаси, Олий Мажлис тарихи, тараққиёти акс этган музей ҳамда ҳаётимизга дахлдор қонунлар қабул қилинадиган катта мажлислар зали билан танишдилар.
— Парламент биноси ичкарисига биринчи маротаба кириб, қуйи палата ҳақидаги тасаввурларим умуман ўзгарди, — дейди Тошкент иқтисодиёт ва педагогика институти талабаси Воҳиджон Парпиев. — Депутатлар ўз фаолиятлари ҳақида, сиёсий партиялар фракциялари иши, қабул қилинаётган қонунлар мазмуни, муҳокамалар жараёни тўғрисида маълумотлар беришди. Бу бизда катта қизиқиш уйғотди. Айниқса, илмий, ҳуқуқий ва бадиий адабиётларга бой бўлган парламент кутубхонаси менга жуда ёқди. Бу каби учрашувлар мунтазам ташкил этилишини хоҳлардик. Бу биз каби ёшларни янада руҳлантиради, ўзига бўлган ишончини мустаҳкамлайди.
— Учрашувда бизга парламентаризм соҳасидаги янгиликлар ҳақида сўзлаб беришди, — дейди Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети талабаси Мубина Шокирова. — Мамлакатимиз ҳаётига дахлдор қонун лойиҳалари кўриб чиқиладиган мажлислар залида бўлиб, овоз бериш жараёни ҳақида маълумотга эга бўлдик. Айнан социология йўналишида таҳсил олаётганим учун бу ерда олган маълумотларим фойдали бўлди. Айниқса, Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси аъзолари билан мулоқот чоғида қизиқишларимизга оид таклифлар қўллаб-қувватланганидан жуда хурсанд бўлдик.


