Эзгу саъй-ҳаракатлар биргаликда ва ҳамжиҳатликда изчил давом эттирилади
Qonunchilik
2024-05-13
858
Президентимизнинг БМТ Бош Ассамблеяси 78-сессиясида илгари сурган ташаббуси асосида ташкил қилинган Осиё Хотин-қизлари форуми аёлларнинг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маданий-гуманитар соҳалардаги фаоллигини янада ошириш, ўзаро тажриба алмашиш, дўстона ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашда чинакам мулоқот майдонига айланди. Анжуман натижасида қабул қилинган Самарқанд декларацияси эса эзгу ислоҳотларнинг амалий ифодаси бўлиб, қитъа мамлакатлари ва халқларининг бу борадаги саъй-ҳаракатларини янада изчил давом эттиришда, шубҳасиз, муҳим асос бўлиб хизмат қилади. Мазкур анжуманда бевосита иштирок этган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг форум ҳақидаги хулосалари ва фикр-мулоҳазалари билан қизиқдик.
Кўтарилган масалалар долзарб аҳамиятга эга
Феруза НИҒМАТОВА, Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси аъзоси:
— Осиё мамлакатлари хотин-қизларининг бир даврага йиғилиб, глобал миқёсдаги долзарб масалалар юзасидан ўтказаётган мулоқоти нафақат минтақа, балки дунёда тинчлик ва тараққиётни таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилиши, шубҳасиз. Зеро, бугунги кунда Осиё минтақасининг жаҳон тараққиётида тутган ўрни тобора ортиб бораётир.
Мазкур форумнинг илк бор Ўзбекистонда ўтказилиши эса кейинги йилларда юртимизда гендер тенгликни таъминлаш ҳамда хотин-қизлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг дунё ҳамжамияти томонидан юқори даражада қўллаб-қувватланаётганидан ҳам далолат беради.
Форумнинг биринчи иш кунида БМТнинг Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенцияси, Пекин декларацияси ва Ҳаракат платформаси қоидаларини амалга ошириш билан боғлиқ халқаро, минтақавий ва миллий тажриба ҳамда инновацион ёндашувлар кенг муҳокама қилинди.
Иккинчи иш куни ҳам қизғин ва фаоллик билан олиб борилди. Унда хотин-қизлар таълимини ривожлантириш, иқтисодий имкониятларини кенгайтириш, ушбу йўналишда фаолият олиб бораётган ННТ, фуқаролик жамияти институтлари ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасида муҳим таклифлар илгари сурилди. Депутат сифатида ўзим учун муҳим йўналишларни қайд қилиб олдим. Мисол учун, минтақадаги нодавлат ташкилотларнинг хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишдаги илғор тажрибаси, амалиёти ва инновацион ёндашувларига бағишланган 8-параллел сессиясида кўтарилган масалалар мен учун долзарб аҳамиятга эга бўлди.
Умуман олганда, мазкур форум гендер сиёсатининг турли соҳалари бўйича ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш, минтақавий хавфсизликни таъминлаш, замонавий таҳдидларга қарши курашишда ҳамкорлик ва ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлашда янги истиқболларни очишига ишонамиз. Якунда қабул қилинган Самарқанд декларацияси эса айтиш жоизки, барча давлатларнинг хотин-қизларга тааллуқли масалаларда эзгу интилишларининг амалий ифодаси бўлиши, шубҳасиз.
Аёл ва боланинг бегонаси бўлмайди
Муборак АҲМЕДОВА, “Миллий тикланиш” ДП фракцияси аъзоси:
— Дарҳақиқат, қитъамизда илк бора ўтказилган форум ҳар томонлама самарали ва манфаатли учрашувларга бой тарзда ўтди.
Аввало айтиш керак, деярли ҳар бир иштирокчи Ўзбекистонда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини тўлиқ таъминлаш борасида эришилган натижаларни алоҳида эътироф этишганидан ич-ичимдан фахрландим. Хусусан, Жаҳон банки индексида Ўзбекистон гендер тенглик соҳасида дунёдаги энг тез ривожланаётган 5 та мамлакат қаторида қайд этилгани, очиқ гендер маълумотлар индексида энг яхши 20 та давлат қаторидан жой олгани эришилган ютуқларга маҳлиё бўлиб қолмасдан, бу борада қилинаётган ташкилий-ҳуқуқий ишларимизни янги босқичга кўтаришимиз лозимлигини англатади.
Минтақамизнинг энг илғор фикрловчи, етакчи аёллари қатнашган анжуманда ўзбекистонлик депутатлардан бири сифатида иштирок этар эканман, масофа жиҳатидан бир-биримиздан қанча узоқда бўлмайлик, мамлакатларимиздаги хотин-қизлар эришаётган ютуқлар ҳам, улар дуч келаётган муаммолар ҳам бир-бирига ўхшашлигини англаб етдим. Ҳамжиҳатликда, биргаликда муҳокама қилиш орқали умумий муаммоларга ечим топиш керак, деган ғоя бежиз такрорланмади. Бу фикрга тўлиқ қўшиламан. Чунки аёл ва боланинг бегонаси бўлмайди, давлатлар ва жамиятлардаги зиёлилар, фаоллар бирлашган ҳолда, улар дуч келаётган ҳар қандай муаммони ҳал қилса бўлади.
Форум иштирокчилари хотин-қизларни ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлашни кучайтириш, сиёсат ва бизнесда аёлларга тенг имкониятлар яратиш, уларнинг ҳуқуқларини халқаро стандартлар асосида ҳимоя қилиш борасида салмоқли таклифлар ва ғояларни илгари суришди. Бу таклифларнинг барчасини ҳаётга татбиқ этиш хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга қаратилган қонунчиликни янада такомиллаштириш зарурлигини кўрсатади. Жумладан, аёлларга нисбатан баъзан жамиятда учраб турган руҳий, маънавий ёки жисмоний тазйиқларга кучли қонунларимиз асосида бутунлай барҳам бериш йўлларини излашда давом этишимиз керак. Гарчи Марказий Осиё давлатлари орасида биринчилардан бўлиб “оилавий зўравонлик” тушунчасига аниқлик киритиб, зўравонликларга қарши жавобгарликларни кучайтирган бўлсак-да, бу борадаги ишларимизни янги босқичга олиб чиқишимиз лозим. Токи, бирорта аёл ёки бола зўравонликка учрамасин.
Форумдан олган хулосам шу бўлдики, биз хотин-қизларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш, уларнинг камситилишига йўл қўймаслик борасида бошлаган ишларимизни муносиб даражада давом эттиришимиз лозим.
Халқчил вазифалар умумий манфаатларимизни бирлаштиради
Гулбаҳор САИДҒАНИЕВА, “Адолат” социал-демократик партияси фракцияси аъзоси:
— Ҳозирда Осиё қитъаси аёллари эришаётган ютуқлар билан бирга, уларнинг ҳаётида ҳал қилиниши керак бўлган муаммолар ҳам етарлича бўлиб турибди.
БМТ Бош котиби ўринбосари, “БМТ-Аёллар” тузилмаси ижрочи директори С. Бахус форумнинг очилишида қайд этганидек, афсуски, дунёда юз бераётган кўплаб инқирозлар кўпроқ аёллар ва қизларга ўз таъсирини ўтказмоқда. “Ҳар учинчи аёл ҳали ҳам зўравонлик ва таъқибларга дучор бўлмоқда. Асосий сабаб — камситувчи нормалар ва қонунчилик тизимларидир”, деди меҳмон ўз чиқишида.
Ҳақиқатан ҳам, хотин-қизлар учраётган деярли ҳар бир муаммонинг туб илдизи қонунлардаги бўшлиқларга ёки қонунлар ижросидаги оқсоқликларга бориб тақалади. Гарчи кейинги йилларда Ўзбекистон қонунчилигида гендер тенгликни таъминлаш, аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги ўзгартиришлар сифат ва сон жиҳатидан кўпайган бўлса-да, жойларда қабул қилинган қонунлардан хабардорлик даражаси ҳаминқадар бўлиб турганига ёки қонунларимизда камчиликлар мавжудлигига гувоҳ бўламиз. Бундай ҳолатлар биз, парламент аъзоларига қонун ижодкорлиги соҳасини ривожлантириш борасидаги ташаббусларни илгари суришимизга муҳим туртки вазифасини ўтайди ва биз ҳудудлардаги ўрганишларимиз асосида қонунларимиздаги бўшлиқларни аниқлашга бор куч-ғайратимизни сафарбар қилмоғимиз лозим.
Форум якуни доирасида қабул қилинган Самарқанд декларациясида бир қатор халқчил вазифалар акс эттирилганига умид қиламан:
Биринчидан, Осиё минтақасидаги хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётини янада яхшилашга йўналтирилган чора-тадбирларни амалга оширишимиз лозим.
Иккинчидан, мамлакатлардаги аёлларнинг сиёсий ва ҳуқуқий ривожланишига хизмат қилувчи ташаббусларни қўллаб-қувватлашда давом этишимиз зарур.
Учинчидан, минтақада аёллар мақомини оширишга қаратилган маданий ва гуманитар лойиҳаларни ҳамкорликда амалга ошириш мақсадга мувофиқ.
Тўртинчидан, энг муҳим таклифим шундан иборат бўлардики, Осиё аёллари дуч келаётган муаммолар очиқ тарзда муҳокама қилиниши лозим. Зеро, очиқликни таъминламасдан туриб, муаммонинг сабаб ва оқибатлари билан курашиб бўлмайди.
Бир сўз билан айтганда, аёл қайси давлатда яшамасин, ўз орзу ва мақсадларига тўсиқларсиз эришиши ва оиласига, жамиятга тегиши учун барча шароитлар ва ҳуқуқий асослар яратилган бўлиши даркор.
Тажриба алмашишда ўзига хос платформа
Дилбар МАМАЖОНОВА, Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзоси:
— Осиё минтақаси давлатлари етакчи аёлларининг давлат ва жамият бошқаруви ҳамда иқтисодиётдаги иштирокини янада кенгайтириш бўйича ўзаро ҳамкорлиги ва тажриба алмашинуви ушбу форумнинг аҳамиятини янада оширди.
Форум иштирокчилари томонидан Ўзбекистон парламенти юқори ва қуйи палаталарида, маҳаллий Кенгаш депутатлари таркибида, ижро органларида аёллар ўрни ортиб бораётгани қайд этилиб, бугун аёл вазирлар, вазир ўринбосарлари, ҳокимлар ва ҳоким ўринбосари, йирик нодавлат нотижорат ташкилоти раҳбари лавозимида самарали меҳнат қилаётгани эътироф этилди. Зеро, парламентдаги аёл вакилалар хотин-қизларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтиришга таъсир этишда муҳим рол ўйнайди. Улар ўз мамлакатидаги аёлларнинг дарду-ташвиши, бугунги кундаги қизиқишлари ва интилишларидан хабардор бўлгани боис, хотин-қизларга оид сиёсатни ишлаб чиқиш, устуворликларни белгилаш ва Барқарор ривожланиш мақсадларига (БРМ) эришишга ҳисса қўшадиган кучли қонунчилик базасини яратишда фаол иштирок этади.
Бугунги кунда ҳам глобал миқёсда, ҳам Осиё қитъаси мамлакатларининг миллий стратегиялари доирасида парламент ташаббуслари орқали хотин-қизларнинг иқтисодий ҳаётдаги фаоллигини оширишга қаратилган муҳим ютуқларга эришилаётганини алоҳида қайд этиш жоиз.
Бундай юқори даражадаги тадбирларни ўтказиш ташаббуси халқаро майдонда ўз ўрнига эга бўлишга интилаётган Янги Ўзбекистон учун муҳим аҳамиятга эга. Зеро, хотин-қизлар имкониятларини кенгайтиришга эътибор қаратиш орқали Ўзбекистон халқаро ҳамжамиятга ушбу масалага жиддий ёндашаётганини намойиш этмоқда.
Бинобарин, сўнгги йилларда юртимизда аёлларга давлат ва жамият тақдирига дахлдор қарорларни ҳаётга татбиқ этиш, хусусан, қонунларни ишлаб чиқиш, қабул қилиш, ислоҳотларни амалга ошириш жараёнларида бевосита қатнашиши учун кенг йўл очилди. Бу аёл-ку, эртага қийналиб қолиши мумкин, деган тушунча тарихда қолди.
Форумнинг параллел сессияларида халқаро ташкилотлар ва Осиё мамлакатлари парламентлари раҳбарлари томонидан билдирилган фикрлар, илгари сурилган таклифлар юртимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларга берилаётган юксак баҳо бўлди.
Умуман олганда, ушбу халқаро тадбир минтақа давлатлари хотин-қизларининг салоҳиятини рўёбга чиқариш ва бу борадаги тажриба алмашиш масалаларини муҳокама қилиш учун ўзига хос мулоқот майдони бўлди. У нафақат хорижий давлатлар қонун чиқарувчи органлари, балки мамлакатимиз парламенти учун ҳам фойдали бўлиб, бу борадаги ғоя ва ташаббусларни илгари суришда ҳамда ўзаро тажриба алмашишда ўзига хос платформа вазифасини бажарди, десак янглишмаймиз.
Депутатлик корпуси вакиллари янада фаол бўлади
Моҳира ХЎЖАЕВА, Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси аъзоси:
— Ушбу форум биз, парламент аъзоларига Ўзбекистонда хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштиришга қўшаётган ҳиссамизга четдан туриб назар солишга имкон берди. Асосли ғоялар ва конструктив таклифлар илгари сурилган форумнинг ҳар бир иштирокчиси, шу жумладан, депутатлар бир қатор саволларга жавоб излашга ҳаракат қилган бўлса, ажабмас.
Нима қилсак, қандай йўл тутсак, опа-сингилларимиз ўз ҳуқуқларини билади? Қонунчилигимизнинг қайси жойида бўшлиқ мавжуд? Ёки қайси қонунларимизнинг ижросида сусткашликка йўл қўйиляпти? Бу борадаги ҳуқуқий базани такомиллаштиришда аёл депутатларнинг ўрни, иштироки сезиляптими?
Аввало айтиш керак, тўртинчи чақириқ Қонунчилик палатаси фаолиятининг ўтган даврида, яъни 2020 — 2023 йиллар давомида аёл депутатлар 23 та қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ва парламент муҳокамасига киритишда бевосита иштирок этган. Умуман олганда, парламентимизда кўриб чиқилган ва қабул қилинган қонунларда хотин-қизларнинг таълим олиш ҳуқуқини кенгайтириш, уларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, аёллар ўртасида тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга қаратилган қонунларнинг сифати ва сони сезиларли даражада ўсди.
Хусусан, 2022 йил декабрда қабул қилинган тегишли қонунга асосан илк бор Ўзбекистондаги давлат ташкилотларида гендерга оид аудит ўтказиш тартиби белгиланди. Эндиликда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятида, шу жумладан, кадрлар сиёсатини олиб боришда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар яратилганлиги, шунингдек, гендерга доир комплекс ёндашув ҳолатлари ўрганилмоқда ҳамда баҳоланмоқда. 2023 йил апрелда қабул қилинган қонунга асосан эса Жиноят ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекслар оиладаги зўравонликни назарда тутувчи моддалар билан тўлдирилди. Бир гуруҳ депутатлар томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида ишлаб чиқилган қонун билан Сайлов кодексига киритилган ўзгартиришларга мувофиқ, сиёсий партиялар томонидан депутатликка кўрсатиладиган номзодлар умумий сонида аёл номзодларнинг энг кам улуши 30 фоиздан 40 фоизга оширилди. Қонунларимиздаги бу каби ўзгартиришлар аёлларнинг жамият ҳаётидаги ўрни ва нуфузини янада кучайтиришга, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини кафолатлашга хизмат қилмоқда.
Кези келганда таъкидлаш лозим, форумнинг параллел сессиясида хотин-қизлар иқтисодий ҳолатини яхшилашда парламентнинг ўрни муҳокама қилингани эътиборимни тортди. Сессияда парламент аъзолари хотин-қизларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтиришга таъсир этишда муҳим рол ўйнаши, бу борадаги тегишли қонунчилик базасини ривожлантиришда ўрни катталиги қайд этилди.
Ўз навбатида, биз, депутатлик корпуси вакиллари хотин-қизларимизга жамиятнинг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этишига, уларнинг иқтисодий, молиявий ва ижтимоий муаммоларини ҳал қилишга, қолаверса, давлат ва хусусий секторда гендер мувозанатини таъминлашга қаратилган қонунчиликни ривожлантиришга ҳисса қўшишда давом этишимиз лозим.
Форумда билдирилган тавсиялардан келиб чиқиб, айтишим мумкинки, ушбу йўналишда парламентлараро алоқаларни мустаҳкамлаш, шу жумладан, аёл парламентарийларнинг фаоллигини ошириш, дўстлик гуруҳлари фаолияти доирасида бу борадаги қонунчиликни такомиллаштириш масалаларини доимий муҳокама қилиш, илғор тажрибаларни қонунчиликда акс эттириш, халқаро амалиётни таҳлил қилиш каби бир қатор вазифаларга эътибор қаратиш мақсадга мувофиқ.


