Фракциялар ҳаёти

Фракциялар ҳаёти

Qonunchilik

2024-05-08

889

ЎзЛиДеП

 

Шу ҳафтада бўлиб ўтган Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилганди. Муҳокамалар жараёнида Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси аъзоси Зафар Худойбердиев лойиҳада субсидияларнинг турлари ва тақдим этиш тартиби аниқ очиб берилмаганлиги бўйича эътирозини билдирди.

Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги қонуннинг амалдаги таҳририда субсидияларнинг турлари аниқ қилиб ёзилган эди. Бироқ қонун лойиҳасида ушбу модда кескин қисқартирилиб, унинг турлари ва тақдим этиш тартиби қонунчилик билан белгиланиши қайд этилганига қўшилмайман. Сабаби, субсидияга талабгор ҳам, субсидия тақдим этувчи идора ҳам унинг қандай турлари мавжудлиги бўйича маълумотни қонундан топиши керак. Шу боис амалдаги моддадаги айрим нормаларни чиқариб ташлаш эмас, балки уни замон талаби асосида тўлдириш ва бойитишни таклиф қиламан”, деди депутат.

 

“Миллий тикланиш” ДП

Қуйи палатанинг яқинда бўлиб ўтган ялпи мажлисда депутатлар томонидан карантин остидаги маҳсулотларни мамлакатимизга олиб кириш талаблари енгиллаштирилишини назарда тутувчи қонун лойиҳаси қабул қилиниб, Сенатга юборилди.

Мунозаралар чоғида Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси аъзоси Бекмирза Эшмурзаев масъул қўмита ташаббуси билан биргина нормага киритилган ўзгартиришни таҳририй жиҳатдан қайта кўриб чиқиш таклифини илгари сурди.

Қонун ташаббускорлари тақдим этган таҳрирда “экспорт қилинаётган давлатда фитосанитария сертификати берилмаса”, деб аниқ шарт ёзилган эди. Бироқ иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида ушбу норма “хорижий мамлакатларда” сўз бирикмалари билан бошланиши лойиҳанинг концепциясига қисман тўғри келмайди. Шу боис ушбу тушунчага аниқлик киритиш лозим ҳамда мазкур норма карантин остидаги маҳсулот “экспорт қилинаётган хорижий мамлакатда махсус давлат органи мавжуд бўлмаганда” мазмунида ўзгартирилгани маъқул”, деди депутат.  

 

“Адолат” СДП

         Депутатлар яқинда сув хўжалиги вазирининг “Ирригация-мелиорация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш ҳамда сув ресурсларини бошқаришни рақамлаштириш борасида амалга оширилган ишлар ҳолати тўғрисида”ги ахборотини эшитдилар.

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракцияси аъзоси Олтиной Мамирова соҳадаги мутахассисларнинг ижтимоий таъминотини яхшилаш борасида учраб турган муаммолардан бирига вазир эътиборини қаратди.

Ўтган йили август ойида Қарши магистрал каналларидан фойдаланиш бошқармасининг насос станциясида алоҳида ва оғир меҳнат шароитларидаги иш билан шуғулланаётган ходимларга тўланаётган иш хақи ва устамалар амалдаги меҳнат қонунчилигига мослиги ўрганилиб, ўрганиш якуни бўйича вазирликнинг ахбороти эшитилганди. 2023 ноябрь ойида ушбу ишчи-ходимларнинг иш ҳақи ва устамалари ички имкониятдан келиб чиқиб, қайта кўриб чиқилиши ва ижтимоий таъминоти яхшиланиши тўғрисида маълумот берилган эди. Бироқ ўтган давр мобайнида бу борада силжиш кузатилмаган. Парламент вакилларининг ҳақли талаби билан соҳадаги мутахассисларнинг ижтимоий таъминоти яхшиланиб, уларга муносиб меҳнат шароитлари яратиб берилишига умид қиламан”, деди депутат.

 

ЎзХДП

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида Ҳисоб палатасининг ҳисоботи депутатларнинг қизғин мунозараларига сабаб бўлди. 

Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзоси Дилбар Мамажонова ҳисобот даврида олий таълим муассасалари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида харид қилинган илмий лаборатория ускуналаридан самарали фойдаланилмаётганлиги бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

“Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги чет эллардан олиб келинган бу қимматбаҳо лаборатория ускуналари ўрнатилмасдан қолгани бўйича айбдорларга нисбатан чора кўриши керак. Шу билан бирга, улардан тўғри ва унумли фойдалана оладиган мутахассисларни кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратиши мақсадга мувофиқ”, деди халқ вакили ўз сўзида.

 

Ўзбекистон Экологик партияси

Транспорт вазирининг мамлакатимиз фуқаролари чет давлатларга қулай ва хавфсиз транспорт орқали етиб боришини таъминлашга оид амалга оширилаётган ишлар юзасидан берган ахбороти муҳокамалар марказида бўлди.

Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси аъзоси Наврўзбек Юсупов сайловчилардан келиб тушаётган мурожаатлардан келиб чиқиб, вазирга савол берди. Вақтинчалик меҳнат фаолиятини олиб бориш учун хорижга жўнаб кетаётган фуқаролар учун темир йўл билетларининг нархларига 20 фоиз миқдорда чегирмалар берилиши борасида қабул қилинган қарорларнинг ижроси тўлақонли амалга оширилмаётганини танқид остига олди.

“Биз, депутатлар жойларда фуқаролар билан учрашувларда хорижга ишлаш учун кетаётган ҳамюртларимизга юқоридаги чегирма берилмаётгани бўйича эътирозларни эшитиб қолаяпмиз. Вазирликнинг бу борадаги расмий изоҳи ва амалий натижаларини кутиб қоламиз”, деди депутат.

Biz bilan bog'lanish

Savol, taklif va murojaatlaringizni bizga yo'llashingiz mumkin

Biz bilan bog'lanish

Savol, taklif va murojaatlaringizni bizga yo'llashingiz mumkin

Biz bilan bog'lanish

Savol, taklif va murojaatlaringizni bizga yo'llashingiz mumkin

Create a free website with Framer, the website builder loved by startups, designers and agencies.