Тиббиёт соҳасидаги ислоҳотлар — янги босқичда

Тиббиёт соҳасидаги ислоҳотлар — янги босқичда

Munosabat

2024-05-22

876

Халқимизда “Эл соғлиги — юрт бойлиги”, деган нақл бор. Топиб айтилган бу ҳикмат замирида катта маъно мужассам. Зеро, ҳар бир инсон ўз мақсадига эришиши учун, энг аввало, ҳар томонлама соғлом бўлиши лозим. Инсон қачон соғлом бўлади, қачонки, сифатли тиббий хизматдан ўз вақтида фойдаланса, чинакам яшаш завқини туйса!

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўз вазифасига киришган илк кунлардаёқ тинчлик ҳамда саломатлик масалалари аҳолимиз ҳаётидаги энг муҳим устувор масалалар эканлигини таъкидлаб, ушбу соҳаларда туб ислоҳотларни амалга ошириш ишлари бошланган эди. Охирги олти-етти йилда мамлакатимизда аҳолига малакали тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасини бугун халқимиз ўз кундалик ҳаётида сезмоқда, ҳис этмоқда.

Буни биргина ўтган даврда аҳолига тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш, касалликларни барвақт аниқлаш ва олдини олиш, тиббий хизматларни аҳолига яқинлаштириш ва уларнинг сифатини ошириш, тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ҳамда кадрлар салоҳиятини ошириш борасида эришилган ижобий натижалар мисолида ҳам кўриш мумкин. Хусусан, аҳолига тиббий ёрдам кўрсатишнинг сифати, самарадорлиги ва оммабоплигини ошириш, бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўламини кенгайтириш, соҳага босқичма-босқич тиббий суғурта тизимини жорий этиш, тиббий хизматлар бозорида замонавий рақобат муҳитини яратиш, шу асосда аҳолининг кафолатланган ва сифатли тиббий ёрдам олиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида Сирдарё вилоятида соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишнинг янги модели ва давлат тиббий суғуртаси механизмларини жорий этиш бўйича тажриба-синов лойиҳаси амалга оширилди.

Соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни чуқурлаштириш, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини тубдан яхшилаш, тиббиёт муассасалари фаолиятини илғор хорижий тажриба асосида ташкил этиш, тиббиёт кадрларининг салоҳиятини ошириш, нодавлат тиббиёт ташкилотлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида давлатимиз раҳбарининг жорий йил 22 январдаги қарори билан Соғлиқни сақлаш вазирлиги тузилмасида давлат муассасаси шаклида “Соғлиқни сақлаш лойиҳалари маркази” лойиҳа офиси ташкил этилган эди.

Президентимиз шу йил 21 май куни Соғлиқни сақлаш лойиҳалари маркази томонидан амалга оширилаётган ишлар ва янги таклифлар тақдимоти билан танишди. Хусусан, бирламчи бўғин ва тез тиббий ёрдам тизимини такомиллаштириш, давлат тиббий суғуртасини жорий этиш, дори-дармонлар харидини тартибга солиш борасида ишлаб чиқилган таклифлар атрофлича муҳокама этилди.

Қайд этиш жоиз, тез тиббий ёрдам тизимини такомиллаштириш борасида биргина Тошкент шаҳрининг ўзида кўплаб ишлар амалга оширилди. Жумладан, тез тиббий ёрдам машиналари парки тўлиқ янгиланди, тез ёрдам “колл-маркази” фаолияти йўлга қўйилди.

Ҳозирги кунда шаҳар аҳолисига 235 та тиббий ёрдам бригадаси хизмат кўрсатмоқда. Лекин таҳлиллар ушбу тизимни янада такомиллаштириш зарурлигини кўрсатмоқда. Чунки, айни пайтда биргина Тошкент шаҳрида тез тиббий ёрдам чақирувлари сони 1 млн. 363 мингтани ташкил этмоқда. Шунинг учун ҳам чақирувларни қабул қилиш жараёнида уларни саралашни йўлга қўйиш таклиф этилмоқда. Бунда чақирув сабабларини аниқлаш орқали “оддий”, яъни беморнинг иссиғи чиқиши, йўталиши ёки бошқа — бевосита тиббиёт ходимининг иштирокисиз амалга ошириш мумкин бўлган масалалар бўйича “Тиббий маслаҳат” шифокорлари гуруҳи ташкил этилади ва масофавий маслаҳат бериш амалиёти жорий қилинади. Қолган чақирувлар эса тиббий бригадага йўналтирилади.

Тез тиббий ёрдам бригадалари бўйича ҳам қатор янгиликлар амалга оширилади. Яъни, фельдшерлик-парамедик, шифокорлик, педиатрик, реанимацион ҳамда психиатрик бригадалар ташкил этилади. Боиси, чақирув сабаблари аниқланаётганда беморнинг ёши, касаллик аломатларидан келиб чиққан ҳолда тиббий бригадани йўналтириш бемор ҳаётини сақлаб қолишда муҳим аҳамият касб этади.

Шу йилнинг ўзида Тошкент шаҳрида ҳайдовчи ва фельдшер-парамедикдан иборат 47 та ҳамда фақат фельдшер-парамедикдан иборат яна 47 та бригада ташкил этиш, шунингдек, 69 та педиатрик, 91 та терапевтик, 24 та реанимацион ва 4 та психиатрик бригадалар фаолиятини йўлга қўйиш кўзланмоқда.

Шубҳасиз, ушбу саъй-ҳаракатлар натижасида тез ёрдам чақирувларига етиб бориш вақти 10-40 дақиқагача қисқаради. Энг муҳими, педиатрик бригадаларни ташкил этиш орқали болаларга уйда сифатли ва самарали тез тиббий ёрдам кўрсатилиши ҳисобига шифохонада ўринлар юкламаси камаяди.

Тез тиббий ёрдам тизимида ушбу янгиликларни жорий этиш тармоққа йўналтирилаётган маблағларни иқтисод қилиш ҳамда бошқа ишларга йўналтириш имконини ҳам беради. Масалан, Тошкент шаҳридаги чақирувларнинг 5 фоизини “оддий” чақирувлар, деб ҳисоблаб уларга тиббий маслаҳат бериш орқали масаласини ҳал этиш йилига камида 150 млрд. сўм маблағни иқтисод қилишга олиб келади. Ёки фельдшерлик-парамедик бригадаларга электромобиллар жорий этиш натижасида 60 млрд. сўм тежалади.

Умуман олганда, тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарадорлигини янада ошириш ушбу соҳага илғор хорижий тажрибаларни кенг жорий этиш ҳамда аҳолимизнинг бу ишларни чуқур англаган ҳолда қўллаб-қувватлашига бевосита боғлиқ. Шундай экан, ҳар биримиз ушбу соҳани янада такомиллаштириш юзасидан ўз таклиф ва тавсияларимизни билдириш, ҳеч бўлмаганда ўз соғлиғимизга эътиборли бўлиб, соғлом турмуш тарзига риоя этиш орқали тиббиёт ходимларига кўмаклашишимиз лозим.

 

 


Biz bilan bog'lanish

Savol, taklif va murojaatlaringizni bizga yo'llashingiz mumkin

Biz bilan bog'lanish

Savol, taklif va murojaatlaringizni bizga yo'llashingiz mumkin

Biz bilan bog'lanish

Savol, taklif va murojaatlaringizni bizga yo'llashingiz mumkin

Create a free website with Framer, the website builder loved by startups, designers and agencies.