Россияда Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари ўртасида муштлашув юз берди
Dunyo
2024-04-16
454
Ижтимоий тармоқларда Россия Федерациясидаги меҳнат мигрантлари ўртасида оммавий муштлашув юз бергани, унда Ўзбекистон фуқаролари бўлгани ҳақида хабарлар тарқалди.
Ўзбекистон Республикаси Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги берган маълумотларга кўра, Москва шаҳри Тагилск кўчасида жойлашган қурилиш майдонида бўлиб ўтган муштлашувда Ўзбекистон фуқаролари иштирок этган.
Қурилиш материаллари нотўғри тақсимоти сабабли "Everest" корхонаси ишчилари ўртасида ўзаро келишмовчилик келиб чиққан ва муштлашувга айланган. Оқибатда иштирокчилар ички ишлар бўлимига олиб кетилган. Уларнинг 10 нафари Ўзбекистон ва 13 нафари Тожикистон фуқаролари ҳисобланади.
Ушбу ҳодиса натижасида ҳеч ким оғир тан жароҳати олмаган ва тиббий ёрдамга мурожаат қилмаган. Қўлга олинганларга баённома расмийлаштирилиб, маъмурий жарималар тайинланган.


