Миграция бўйича ягона ахборот платформаси яратилади
Munosabat
2024-05-15
756
Халқимизда “Тил билган — эл билади” деган ҳикматли гап бор. Хорижий тилларни ўрганиш эса бугунги давр талабидир. Зеро, малакали касб-ҳунарга эга бўлиш, хорижий тилларни мукаммал билиш даромадни кўпайтиради. “Сундай Лист” нашрида дунёнинг энг бой одамлари рўйхатини чоп эттирган Филипп Бересфорднинг тадқиқотига кўра, хорижий тил бир йиллик фаолият давомида ғарбликларга ўртача 145000 фунт даромад келтирмоқда.
Шу боис, мамлакатимизда кейинги йилларда чет элда меҳнат фаолиятини амалга ошириш истагида бўлган фуқароларга қулай шарт-шароитларни яратиш, меҳнат миграциясидан қайтиб келган шахсларнинг бандлигини таъминлаш, уларни моддий қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.
Халқаро меҳнат ташкилоти маълумотига кўра, бугунги кунда дунёда 170 миллиондан зиёд меҳнат мигрантлари мавжуд. Уларнинг тилни яхши билмаслиги малака талаб этмайдиган ишларда меҳнат қилиши кам даромад олишларига сабаб бўлмоқда.
Шу нуқтаи назардан, мамлакатимизда меҳнат миграцияси географиясини кенгайтириш ва диверсификация қилиш, номзодларни касб ва чет тилига ўргатиш бўйича хорижий давлатлар билан ҳамкорлик қилиш янги босқичга олиб чиқилди. Ўзбекистондан ишчи кучини жалб қилиш бўйича 28 та давлатнинг хорижий иш берувчи ва рекрутинг агентликлари билан эришилган келишувлар 268 тага етказилди.
Албатта, сўнгги йилларда ушбу соҳада амалга оширилаётган ишлар эътиборга молик. Қолаверса, хорижий, шу жумладан, иқтисодиёти ривожланган давлатларда аниқланган 132 мингга яқин иш ўринларига касблар билан бирга немис, рус, инглиз, корейс ва бошқа тилларни билиш талаби қўйилмоқда. Лекин хорижий иш берувчилар талабларига мос ва чет тилларни биладиган, хорижий давлатларда амал қиладиган сертификатга эга мутахассислар етарли эмас.
Мазкур муаммоларни бартараф этиш учун, энг аввало, қисқа муддатда тўлдирилиши талаб этиладиган иш ўринлари маҳалла тизимида индивидуал ишлаган ҳолда, иш берувчилар талабига мос келадиган касбий малака ва чет тилини билиш даражасига эга номзодларни тезкор топиш орқали ҳал этиш лозим.
Шунингдек, хорижда аниқланган иш ўринларида ишлаш истагида бўлган, лекин касбий малака ёки хорижий тилни билмайдиган фуқароларни аниқлаб ва уларни ўқишга жалб қилиб иш берувчи талабига мос равишда тайёрлаш билан ҳам ушбу муаммоларни бартараф этиш мумкин, деб ҳисоблаймиз.
Мазкур ишларни амалга оширишда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги тизимидаги 32 та мономарказ ва унинг филиаллари, 53 та касб-ҳунарга ўқитиш марказлари, 13 та қурилиш соҳаси малакали мутахассисларини тайёрлаш марказлари, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг профтаълим муассасалари, шунингдек, республикамиз ҳудудларидаги хусусий ўқув марказлари имкониятларидан фойдаланиш мақсадга мувофиқ.
Бундан ташқари, меҳнат бозорида иш кучи талаб юқори бўлган Германия, Япония, Корея, Россия иш берувчилари билан дуал таълим асосида қўшма ўқув курсларини очиш ишларини давом эттириш керак.
Президентимиз ҳузурида маҳаллаларда бандликни таъминлаш ва меҳнат миграциясини тартибли ташкил этиш масалалари бўйича ўтказилган йиғилишда ҳам ушбу масалаларга алоҳида эътибор қаратилиб, мутасаддилар олдига аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Қайд этиш керак, кейинги йилларда ушбу масалага катта эътибор қаратилаётгани бежиз эмас. Чунки бандлик ва аҳоли даромадини ошириш — давлатимиз сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири саналади. Шу боис соҳада кўплаб иқтисодий-ижтимоий дастурлар амалга оширилмоқда. Янги-янги лойиҳалар ишга туширилиб, тадбиркорлик ва ўзини ўзи банд қилишга кенг йўл очилмоқда. Хусусан, республикамизнинг барча ҳудудларида Сайхунобод тажрибаси асосида амалга оширилаётган кенг қамровли ишлар аҳоли бандлигини таъминлаш, уларнинг турмуш фаровонлигини яхшилаш, камбағалликни қисқартириш ва одамларни ҳаётдан рози қилишга хизмат қиляпти.
Бу борадаги ишларнинг самарали ижросини таъминлаш бўйича ҳар бир маҳаллага иқтисодий комплекс ташкилотлари раҳбарлари ҳам бириктирилган. Улар у ердаги камбағал оилалар билан манзилли ишлаб, одамларнинг даромадини оширишга кўмаклашмоқда. Бунинг учун арзон кредитлар, субсидия ва имтиёзлар йўналтириляпти. Агросаноат мутахассислари билан бирга эса аҳоли томорқаларида сердаромад экинлар экиляпти.
Йиғилишда бу борадаги ишларнинг туман ва маҳаллалар кесимидаги ижроси юзасидан ахборот берилар экан, ишлар ҳамма жойда ҳам бирдек ташкил қилинмаётгани айтиб ўтилди. Бугунги мураккаб вазиятда одамларни ишли ва даромадли қилишнинг ягона йўли ички имкониятларни тўла сафарбар этиш лозимлигига урғу берилди.
Айтиш жоизки, фуқароларни чет элда ишлашга тартибли ва хавфсиз жўнатиш, юртимизга қайтганларнинг бандлигини таъминлаш ҳам муҳим вазифалардан бири саналади. Шу боис Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги фаолияти ислоҳ қилиниб, барча ҳудудларда “Хорижга иш — маҳалладан” тамойили йўлга қўйилмоқда.
Қувонарли томони, етарли малакаси бўлмаган фуқаролар касб-ҳунарга қўшимча ўқитиляпти, хорижлик иш берувчилар талабига қараб мақсадли тайёрланмоқда. Хусусан, яқин муддатларда 150 минг киши даромади юқори мамлакатларга юборилиши мўлжалланган.
Биламизки, илгари меҳнат миграциясидан қайтган фуқаролар тайинли иш жойи, қўлида касб-ҳунари бўлмаганлиги сабабли турли қийинчилик, турли муаммоларга дуч келар эди. Бугун-чи? Мамлакатимизда уларга бўлган муносабат бутунлай ўзгарди. Ҳеч бир инсон давлатимизнинг эътибори ва ғамхўрлигидан четда қолаётгани йўқ. Хориждан қайтган фуқароларимизга ўз бизнесини бошлаши, касб-ҳунар эгаллаши учун барча имкониятлар, қулайликлар яратилаётир.
Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 4 апрелдаги тегишли Фармони билан меҳнат мигрантларининг йўл чиптаси, “ишчи виза”си, хорижий тил ёки касб бўйича имтиҳон харажатларини қоплаш, чет элда мураккаб вазиятга тушиб қолган фуқароларга кўрсатилган ҳуқуқий ёрдам учун ҳақ тўлаш механизмлари жорий этилди.
Ушбу жараёнда меҳнат миграциясидан қайтган фуқароларга Сайхунобод тажрибаси асосида томорқада маҳсулот етиштириш, тадбиркорлигини очишга ташкилий-молиявий кўмак берилаётгани ҳам эътиборга молик. Йиғилишда бу масалага алоҳида тўхталиб, фуқароларга сифатли хизмат кўрсатиш, бандликни таъминлаш бўйича қўшимча кўрсатмалар берилди. Шунингдек, миграция бўйича ягона ахборот платформасини яратиб, “маҳалла еттилиги” тизими билан интеграция қилиш, хорижда қийин вазиятга тушиб қолган юртдошларимизга кўмаклашиш зарурлиги қайд этилди. Шубҳасиз, буларнинг барчаси одамларни рози қилиш билан бирга, пировардида аҳолининг яшаш шароитларини ҳам яхшилайди.
Умуман олганда, бугун юртимизда хорижда ишлашни мақсад қилганларга тил ва касб-ҳунар ўрганиш, ишчи виза, йўлкира, умуман, барчаси учун комплекс ёрдам кўрсатилмоқда. Зотан, қаерда меҳнат миграцияси тўғри ташкил этилса, ўша ерда бандлик, оилалар даромади, малакали мутахассислар кўпаяди.


