Мардлик ва матонат асло унутилмайди
Munosabat
2024-05-08
789
9 май — Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган буюк ғалабанинг 79 йиллиги республикамиз бўйлаб кенг нишонланяпти. Фуқароларимиз барча вилоят ва туманларда барпо этилган Хотира майдонларига келиб, Мотамсаро она ҳайкали пойига гуллар қўймоқда. Урушда ҳалок бўлган ўз яқинлари, ота-боболари хотирасини ёд этишаётир. Бугунги ёруғ кунларга етиб келган табаррук кексаларимиз, уруш ва меҳнат фахрийларини зиёрат қилиб, уларнинг дуосини олмоқда.
Шукуҳли байрам кунларида халқимиз бундай даҳшатли уруш энди ҳеч қачон қайтмасин, деб чин дилдан ният қилишяпти. Тинч ва осойишта, фаровон ҳаёт учун шукрона қилмоқда. Бу бежиз эмас. Чунки мислсиз йўқотиш, катта талафот ва мусибат келтирган бу урушда миллионлаб инсонлар ҳалок бўлди. Фашизм устидан ғалаба қозониш, тинчлик ўрнатишда Ўзбекистон халқи ҳам барча тинчликпарвар эллар қатори катта жасорат кўрсатди.
Ўша оғир йилларда фронтга сафарбар этилган 1 миллион 950 мингдан зиёд ўзбекистонлик жангчилардан 538 мингдан кўпроғи ҳалок бўлди. 158 мингдан ортиғи бедарак йўқолди. 870 мингдан ошиғи турли жароҳатлар олган бўлса, 60 минг нафардан зиёди эса ногирон бўлиб қайтди.
Ушбу рақамларнинг ўзи ҳам бу ғалаба биз учун нақадар қимматга тушганини яққол кўрсатиб турибди. Ана шу қирғинбарот уруш халқимиз қалбида қолдирган битмас жароҳатни, орадан шунча вақт ўтган бўлса-да, ҳамон унутиб бўлмайди.
Метин иродали халқимиз ўша таҳликали йилларда фронт ортида сабот ва матонат билан меҳнат қилди. Саноат корхоналарининг фаолияти фронт эҳтиёжлари учун йўналтирилди. Уруш алангаси ичида қолган ҳудудлардан мамлакатимизга 170 дан ортиқ завод ва фабрика кўчириб келтирилди ва қисқа муддатда уларнинг фаолияти қайта тикланди.
Давлатимиз раҳбарининг Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган буюк ғалабанинг 79-йиллиги муносабати билан халқимизга йўллаган табригида бу фактлар алоҳида тилга олинди.
Дарҳақиқат, инсоният тақдири ва келажаги ҳал бўлаётган ўша суронли йилларда Ўзбекистон фронтнинг мустаҳкам таъминот базаси бўлиб хизмат қилди. “Ҳамма нарса — фронт учун, ҳамма нарса — Ғалаба учун!” деган ғоя эл-юртимизнинг ҳаётий эътиқодига айланди. Халқимиз туну кун тинимсиз меҳнат қилиб, улкан миқдордаги озиқ-овқат, кийим-кечак, қурол-аслаҳа, дори-дармон захираларини жанг майдонларига узлуксиз етказиб берди. Бу халқимизга хос фидойилик, элпарварлик, каби олижаноб фазилатларнинг амалий ифодасидир.
Шу нуқтаи назардан, сўнгги йилларда ушбу байрамнинг мазмун-моҳияти буткул ўзгариб, у халқ хотираси ва инсонни қадрлаш кунига айланди. Уруш фахрийлари халқимизнинг доимий эътибори ва эъзозида бўлиб келмоқда.
Президентимизнинг 2024 йил 16 апрелдаги “Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида уларнинг ҳар бирига тиббий ва ижтимоий хизмат кўрсатилиб, уларни парвариш қилиш мақсадида тиббиёт ходимларини (шартнома асосида) бириктирган ҳолда доимий равишда патронаж хизматини йўлга қўйилиши белгиланди.
Мазкур ҳужжат асосида Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, фронт ортида меҳнат қилган фахрийлар уйига борилиб, ўша ернинг ўзида кўнгилочар тадбирлар ташкил этилмоқда. Бу ўз навбатида, бугунги ёш авлод қалбида ватанпарварлик ва юртга садоқат туйғуларини шакллантиришга хизмат қилади.
Президентимиз ташаббуси билан пойтахтимизда барпо этилган “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуаси ҳам ана шу ўзбекона фалсафа, таъбир жоиз бўлса, халқона сиёсатнинг амалдаги ёрқин натижасидир. Бундай бунёдкорона ёндашув Янги Ўзбекистоннинг шиддатли ислоҳотларига хос муҳим хусусият ҳамдир.
Айтиш жоизки, бу бетакрор мажмуа ҳам меъморий жиҳатдан, ҳам тарихий-маънавий жиҳатдан ғоят ноёб ва маҳобатли обида ҳисобланади. Бу ўз навбатида, Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган неча минглаб ватандошларимиз хотирасини ёд этиш, оловли жанглардан омон қайтган боболаримизга ҳурмат-эҳтиром ва эъзоз кўрсатиш мамлакатимизда давлат сиёсатига айланганининг ифодасидир.
Ўтган қисқа вақт ичида халқимиз жасоратининг тимсоли сифатида бунёд қилинган муҳташам “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуаси қутлуғ қадамжога айланди. Буни ҳозирги кунга қадар бу ерга 2 миллион 200 минг нафардан зиёд зиёратчи келиб, уни катта қизиқиш ва эътибор билан томоша қилгани ҳам яққол тасдиқлайди.
Ғалаба боғида аҳолининг тарих билан ҳамнафас бўлиб, ўтганлар хотирасини ёд этиши, уларга ҳурмат бажо келтириши, мазмунли дам олиш, оммавий маданий тадбирлар, ижодий учрашувлар, адабий кечалар ўтказиш учун барча шароитлар яратилган. Айниқса, мажмуадаги ҳар бир экспозиция, тимсол ва битиклар мудҳиш уруш ҳақиқатларини ифода этади.
Президентимиз ташаббуси билан Ғалаба боғи ҳудудида яна бир мажмуа — Мустақиллик фидойилари хиёбонини ташкил этилиши айни муддао бўлди. Куни кеча ушбу мажмуа лойиҳаси тақдимот қилинди.
Ғалаба боғи таркибида ушбу хиёбонни барпо этилиши эл-юртимиз қалбидаги орзу-армон ва эзгу интилишларни рўёбга чиқаришга хизмат қилишига ишонаман. Истиқлол йилларида халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаётини ҳимоя қилиш йўлида ҳалок бўлган мард ва жасур ўғлонларимизнинг азиз хотирасига эҳтиром кўрсатиш, уларни хотирасини абадийлаштириш барчамиз учун ҳам фарз, ҳам қарздир.
Умуман олганда, аждодларни хотирлаш, эъзозлаш уларнинг номларини биргина тадбирларда ёдга олиш билан чекланмайди. Президентимиз таъкидлаганидек, ҳеч шубҳасиз, биз бугунги озод ва эркин ҳаёт учун азиз жонини аямасдан курашган бундай улуғ инсонлар олдида доимо қарздормиз, улар учун бундан буён ҳам барча шароитларни яратиб берамиз.


