Глобал иқлим ўзгаришларига умумий ёндашув ва яқин ҳамкорлик

Глобал иқлим ўзгаришларига умумий ёндашув ва яқин ҳамкорлик

Munosabat

2024-05-09

596

Ўзбекистонда амалга оширилаётган янги босқичдаги ислоҳотлар самараси жаҳон иқтисодиёти тизимига интеграциялашишга, айниқса, ҳудудий жиҳатдан яқин мамлакатлар билан савдо-иқтисодий муносабатларни ривожлантиришга ҳам боғлиқдир. Шу сабабли, мазкур интеграциялашув жараёнлари мамлакатда бугунги куннинг энг долзарб масалаларидан бири бўлиб қолмоқда.

Тадқиқотлар бу борада Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) собиқ иттифоқ ҳудудидаги истиқболли интеграция лойиҳаси эканлигини кўрсатиб берди. Россия Федерацияси ва Беларусь Республикаси ўртасида имзоланган “Божхона иттифоқи тўғрисида”ги битимга асосланган ва кейинчалик ўз таркибига Қозоғистон, Қирғизистон ҳамда Арманистонни бирлаштирган мазкур ҳамжамият Евроосиё иқтисодий иттифоқи тўғрисидаги шартномага мувофиқ 2014 йилда ташкил этилган.

Миллий иқтисодиётларни ҳар томонлама модернизация қилиш, ҳамкорлик қилиш ва рақобатбардошлигини ошириш ҳамда аъзо давлатлар аҳолисининг турмуш даражасини ошириш учун шарт-шароитлар яратиш мақсадида ташкил этилган ЕОИИ халқаро юридик шахс мақомига эга минтақавий иқтисодий интеграция бўйича халқаро ташкилот бўлиб, ўзининг шаклланиш тарихи ва ривожланиш амалиётига кўра, жаҳон ҳамжамиятининг диққат марказига тушди. ЕОИИ товарлар, хизматлар, капитал ва ишчи кучи ҳаракати эркинлигини, шунингдек, иқтисодиёт тармоқларида мувофиқлаштирилган ёки ягона сиёсатни амалга оширишни таъминлайди.

Ўзбекистон 2020 йилнинг 11 декабрь куни ЕОИИда кузатувчи мақомини олди. Бу республикага ЕОИИнинг мажлисларида иштирок этиш, Иттифоқ доирасида қабул қилинган ҳужжатлар билан танишиш ва бошқа имкониятларни берди.

Ўзбекистон ЕОИИга кузатувчилик мақоми имкониятларидан фойдаланган ҳолда биргаликдаги саъй-ҳаракатларнинг натижалари кўзга ташаланадиган даражага олиб чиқилди. ЕОИИ ташкил этилганидан бери иттифоқ давлатлари билан Ўзбекистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми икки баравар кўпайиб, ўтган йили 11 миллиард доллардан ошди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 8 май куни Москва шаҳрида кузатувчи давлат раҳбари сифатида Олий Евроосиё иқтисодий кенгашининг юбилей мажлисида иштирок этди.

Давлатимиз раҳбари ўз чиқишида кун тартибидаги бир қатор муҳим масалалар қаторида Евроосиё иқтисодий иттифоқи органлари билан муҳим йўналишларда ҳамкорликни кенгайтириш зарурлигини қайд этди. Хусусан, Евроосиё Агроэкспрессини ривожлантириш, “яшил” ва сувни тежовчи технологияларни жорий қилиш, қўшма агросаноат кластерлари ва логистика марказларини ташкил этиш, иқлим ўзгаришлари оқибатларини енгиб ўтишда умумий ёндашувларни ишлаб чиқиш ва яқиндан ҳамкорлик қилиш шулар жумласидан. Бунда тегишли Ишчи гуруҳнинг навбатдаги йиғилишларидан бирини Ўзбекистонда ўтказиш таклифи илгари сурилди.

Шу билан бирга, туризм алмашинувини тубдан оширишга қаратилган биргаликдаги туризм дастурлари ва маҳсулотларини ишлаб чиқиш масаласи ҳам кўтарилди.

Маълумки, “яшил иқтисодиёт” принципларини ривожлантириш нафақат маълум бир давлатни, балки бутун минтақани барқарор ривожлантириш имкониятларини беради. Шу сабабли, 2009 йилда 34 та мамлакат “Яшил иқтисодиёт” декларациясини имзолаган ва бу билан аъзо давлатлар ушбу йўналишдаги саъй-ҳаракатларни мустаҳкамлашини маълум қилган. 

Эътироф этиш лозим, мамлакатимизда ҳам “яшил иқтисодиёт” тамойилларини кенг жорий этиш борасида мақсадли амалий чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бунда, авваламбор, соҳанинг ташкилий-хуқуқий асослари яратилди, молиявий манбалари аниқланди. Хусусан, “яшил иқтисодиёт”нинг асосий тамойили бўлган қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш ва жорий этишда инқилобий ўзгаришларга эришилди. Жорий йил якуни билан мамлакатнинг жами электр энергияси ишлаб чиқаришидаги “яшил энергия” салмоғи 15 фоизга етказилади. Зеро, ушбу кўрсаткич бундан 5 йил илгари 1 фоизни хам ташкил қилмаган.

Юртимизда ҳар йили амалга оширилаётган “Яшил макон” умуммиллий акцияси, Орол денгизининг қуриган тубида сўнгги 5 йил ичида 1,8 млн. га майдонда ўрмонлаштириш ишларининг олиб борилгани ҳамда ўрмон фонди ерларининг майдони мамлакат умумий майдонининг 25 фоизига ёки муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар майдонининг 14 фоизга етказилиши нафақат Ўзбекистоннинг миллий, балки минтақа давлатлари манфаатлари учун ҳам хизмат қилмоқда.

Сув ресурсларини, айниқса, трансчегаравий сув ресурсларидан оқилона фойдаланишда сув тежовчи технологияларни кенг қўллашга ҳам устувор аҳамият қаратилмоқда. Ушбу чора-тадбирлар натижасида бугунги кунда сувни тежайдиган технологиялар қамраб олган майдон суғориладиган майдонларнинг қарийб 25 фоизини ташкил қилиб, бунинг ҳисобига 2023 йилда 3 млрд. куб метр сув иқтисод қилинган.

Ўтказилган таҳлиллар иқлимнинг ўзгариши шароитида самарали, ресурс тежамкор ва экологик хавфсиз иқтисодиётни таъминлашда ўзаро боғлиқ муаммолар ва эҳтиёжлар мавжудлигини кўрсатмоқда. Шу маънода, ЕОИИ аъзо давлатлари билан ушбу йўналишларда ҳамкорликни янада кучайтириш устувор миллий мақсад ва вазифаларга самарали эришиш имкониятини яратади. 

Умуман айтганда, Олий Евроосиё иқтисодий Кенгаши мажлисида илгари сурилган таклиф ва ташаббуслар ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш билан бирга, мамлакатларимиз ва халқларимиз ўртасидаги дўстлик ва шерикликни мустаҳкамлаш йўлида яна бир амалий қадам бўлади.

 


Biz bilan bog'lanish

Savol, taklif va murojaatlaringizni bizga yo'llashingiz mumkin

Biz bilan bog'lanish

Savol, taklif va murojaatlaringizni bizga yo'llashingiz mumkin

Biz bilan bog'lanish

Savol, taklif va murojaatlaringizni bizga yo'llashingiz mumkin

Create a free website with Framer, the website builder loved by startups, designers and agencies.