Германия ва Франция - Россияга қимматбаҳо автомобиллар етказиб бериш блокадасига қарши
Германия ва Франция - Россияга қимматбаҳо автомобиллар етказиб бериш блокадасига қарши
2023 йилда Европа Иттифоқидан Беларусга асосан қимматбаҳо автомобиллар импорти ҳажми 2,3 миллиард еврони ташкил этди. Бу 2021 йил даражасидан тўрт баравар юқори.
Dunyo
2024-06-07
862
Германия ва Франция Европа Иттифоқининг ҳашаматли товарлар, жумладан, автомобилларни Беларус орқали урушга қарши санкциялар остида бўлган Россияга жўнатиш имконини берувчи бўшлиқни ёпиш ниятига қарши чиқди. Бу ҳақда Politico интернет-нашри 6 июн, пайшанба куни дипломатик доиралардаги манбаларига таяниб ёзган.
Politico’нинг уч суҳбатдошига кўра, Берлин ва Парижнинг қаршилиги Европа Иттифоқи давлатларини Россияга қарши 14-санкция пакетини ва Беларусга қарши шунга ўхшаш чораларни иккига бўлиш ҳақида ўйлашга мажбур қилган. Нашрнинг таъкидлашича, бу ЕИга Беларусга қарши санкциялар бўйича келишмовчиликларни ҳал қилишни кечиктириб, йирик газ санкцияларини қўллашга имкон беради.
«Европа Иттифоқи Беларусга қарши санкцияларни Москванинг Украинага ҳужумидан олдин ҳам киритган ва Минскни 2020 йилги президентлик сайловларида Александр Лукашенко ўзини ғолиб деб эълон қилган ва тинч намойишларни бостиргани учун жазолаган», - дея эслатди материал муаллифлари.
Айни пайтда, Минскка қарши санкциялар Москвага нисбатан бўлганидек кенг қамровли эмас. Бу Россия Федерацияси билан божхона иттифоқига эга бўлган Беларусга Россияга олиб кирилмоқчи бўлган санкцияланган товарлар учун «транспорт пункти» сифатида ҳаракат қилиш имконини беради, дея аниқлик киритилади мақолада.
2021 йилдан бери ЕИдан Беларусга автомобиль импорти 4 баравар ошди
Ўтган йили Европа Иттифоқидан Беларусга автомобиль импорти ҳажми 2,6 миллиард долларни (2,4 миллиард евро) ташкил этди, бу 2021 йилга нисбатан тўрт баравар кўп, деб ёзади Politico Германия ҳукумати номидан Украина, Молдова, Косово, Арманистон, Гуржистон ва Ўзбекистон ҳукуматларига (Беларус билан маслаҳатлашув «музлатилган») иқтисодий ўзгаришлар масалалари бўйича маслаҳат берувчи Германия иқтисодий жамоаси (The German Economic Team, GET) ташкилоти маълумотларига таяниб.
Кузатувчилар қимматбаҳо автомобиллар соҳасида энг катта нисбий ўсишни қайд этди. Импортнинг умумий ўсиши учдан икки қисми – 1,4 миллиард доллар (1,3 миллиард евро) унинг ҳиссасига тўғри келди. Ушбу ўсиш Беларусдаги ички автомобил бозорининг ривожланишига зид экани ҳисобга олинса, бу Россияга кейинги экспорт билан боғлиқ, дея таъкидлайдилар улар.
Politico билан суҳбатда ушбу воқеалар ривожини шарҳлар экан, Германия ва Франциянинг номи ошкор этилмаган дипломатлари ўз мамлакатлари санкциялардан бўйин товлашнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирларни қўллаб-қувватлашини, лекин биринчи навбатда Россияга ҳарбий товарлар етказиб берилишига қарши курашиш зарур, деб ҳисоблашини таъкидлади.


