Беморларга “электрон поликлиника”лар хизмат кўрсатмоқда

Беморларга “электрон поликлиника”лар хизмат кўрсатмоқда

Munosabat

2024-05-22

696

Инсон саломатлиги — энг буюк неъмат. У шунчалик бебаҳоки, ҳеч қандай мезонга тенглаштириб бўлмайди. Шу сабабли мамлакатимизда сўнгги йилларда халқимиз саломатлигини асраш ва умр кўриш даражасини узайтириш мақсадида кенг кўламли ишлар қилинмоқда.

Юртимизда аҳоли саломатлигини асраш, сифатли тиббий хизмат кўрсатишни такомиллаштириш масаласи устувор вазифалардан бири сифатида белгилаб берилди. Давлатимиз раҳбарининг соҳага оид қатор фармон ва қарорлар қабул қилиниб, Ўзбекистонда тиббиёти ривожланган мамлакатлардаги каби энг илғор инновацион тараққиётга эришиш борасида жиддий қадамлар ташланди.

Ишлар энг қуйидан — аҳоли саломатлигини сақлаш ҳамда тиббиёт ходимларининг салоҳиятини ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратишдан бошланди. Дастлабки қадамлар катта мақсадларга уланди. Улар тиббиётнинг барча йўналишларида сифатли ва замонавий хизмат кўрсатишни таъминлаш билан уйғунлашди.

Дарҳақиқат, кейинги етти йилда аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, соғлом авлод тарбияси учун зарур шарт-шароитлар яратишга қаратилган катта ишлар қилинди. Шу даврда соғлиқни сақлаш тизимига ажратилаётган маблағлар ҳажми 6 баробар оширилди. Бир пайтлар аҳолининг сифатли тиббий хизматдан фойдаланиши учун зарур шароитлари бўлмаган шифохоналар бугун бутунлай янгидан таъмирланиб, замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланди.

Ана шундай саъй-ҳаракатларимиз туфайли бирламчи ва малакали тиббий хизматлар аҳолининг кенг қатламларига кириб бормоқда. Бунинг тасдиғини биргина 2023 йилда жойларда 22 та оилавий поликлиника, 93 та оилавий шифокорлик пункти ва 394 та маҳалла тиббиёт пункти ташкил этилиб, бирламчи тиббий хизматлар 2 миллион 100 минг нафардан зиёд аҳолига яқинлаштирилгани мисолида яққол кўриш мумкин.

Шунингдек, соҳага давлат тиббий суғуртаси ва рақамлаштириш механизмлари билан бирга хусусий тиббиёт муассасалари фаолияти ҳам кенг жорий этилмоқда. Шифохоналарни замонавий транспорт ва тиббий жиҳозлар билан таъминлаш даражаси кескин яхшиланмоқда.

Тиббиёт тизимида бўлаётган ўзгаришлар, жонкуяр шифокорлар, юқори малакали тиббиёт мутахассислари, ҳамшираларнинг машаққатли меҳнати туфайли юқори технологик жарроҳлик операциялари нафақат пойтахтимиз ва вилоятлар марказларида, балки туманларда ҳам муваффақиятли ўтказиляпти. Минглаб-минглаб беморлар ўз дардига шифо топаётир.

Аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини тубдан яхшилаш, тиббиёт муассасалари фаолиятини илғор хорижий тажриба асосида ташкил этиш, ислоҳотларни жадаллаштириш ва самарадорлигини ошириш мақсадида бу соҳаларда Лойиҳа офислари ташкил этилгани ҳам аллақачон самара бера бошлади. Бу, ўз навбатида, фуқаролар саломатлигини асраш, малакали тиббий кадрлар салоҳиятини ошириш, соҳага янги бошқарув усулларини жорий этишда ҳам ижобий натижасини кўрсатяпти.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев шу йил 21 май куни Соғлиқни сақлаш лойиҳалари маркази томонидан амалга оширилаётган ишлар ва янги таклифлар тақдимоти билан танишиш давомида бирламчи бўғин ва тез тиббий ёрдам тизимини такомиллаштириш, давлат тиббий суғуртасини жорий этиш, дори-дармонлар харидини тартибга солиш бўйича қатор таклифлар ишлаб чиқилгани айтиб ўтилди.

Биламизки, тиббиёт муассасалари етарлича рақамлаштирилмагани сабабли суғурта тизими тўлиқ ишламаяпти. Шифокорларнинг кўп вақти ҳисобот тўлдиришга кетмоқда. Шифокор қабулига ёзилиш учун вақт ажратиш, ўқиш ёки ишдан қолиб, клиникага бориш, мутахассисни танлаш ва шифокор қабулига кириш учун навбатга купон олиш талаб этилади.

Давлатимиз раҳбари ушбу муаммоларнинг аниқ ечимларини белгилаб берди. Яъни, Тошкент шаҳрида соҳани рақамлаштириш бўйича намунавий тизим яратиш вазифаси қўйилиб, бунинг учун барча муассасалар янги компьютер ва техника воситалари билан жиҳозланадиган бўлди. Энг муҳими, йил якунига қадар “Электрон поликлиника” ва “Электрон шифохона” тизимлари ишга туширилади. Натижада шифокор қабулига кириш учун узоқ вақт навбат кутиб туришга хожат қолмайди.

Зеро, бугун вақт инсоният учун энг қимматли ресурсга айланди. Бозордами, йўлдами, бирон муассасадами, кўпчиликнинг навбатда туришга сира тоқати йўқ. Одамлар ҳар бир иши тез ва осон битишини истайди. Айниқса, шифо муассасаларида. Мазкур дастур шубҳасиз, ортиқча оворагарчилик ва қоғозбозликларга чек қўйиб, барча ишларни тизимли равишда олиб боришга, шифокорларнинг беморлар учун кўпроқ вақт ажратишига имкон беради.

Аҳоли саломатлигини сақлашга қаратилган бундай вазифаларнинг моҳиятига эътибор қаратсак, уларнинг ҳар бирида аҳоли саломатлигини сақлашда тиббий хизмат сифатига, тиббиёт муассасалари фаолияти самарадорлигига салбий таъсир кўрсатаётган муаммоларнинг ечимига қаратилганини англаб оламиз.

Умуман олганда, йиғилишда белгилаб берилган вазифаларнинг амалга оширилиши соғлиқни сақлаш соҳасини янги босқичга олиб чиқишга, кўрсатилаётган хизматларнинг сифати янада ошишига ва фуқароларнинг тиббий хизматдан фойдаланиш қулайликларини янада оширишга хизмат қилади. Зотан, мамлакат келажаги, салоҳияти, унинг янада гуллаб-яшнаши ҳам айнан миллат саломатлигига боғлиқ.

 


Biz bilan bog'lanish

Savol, taklif va murojaatlaringizni bizga yo'llashingiz mumkin

Biz bilan bog'lanish

Savol, taklif va murojaatlaringizni bizga yo'llashingiz mumkin

Biz bilan bog'lanish

Savol, taklif va murojaatlaringizni bizga yo'llashingiz mumkin

Create a free website with Framer, the website builder loved by startups, designers and agencies.