Адолатли рақобат ва сифатли таълим — тараққиёт пойдевори

Адолатли рақобат ва сифатли таълим — тараққиёт пойдевори

Dunyo

2024-05-07

546

Бугун замонавий ҳаётни илм-маърифат ва таълим тараққиётисиз тасаввур этиш қийин. Чунки ҳар қандай мақсад ва ислоҳотлар натижадорлигига илм-фан билан етиб борилади. Киши қалбининг нури илм ва маърифат билан бақувват бўлса, инсоннинг қадри илм билан юксалади.

Давлатимиз раҳбари президентлик фаолиятининг дастлабки кунларидан бошлаб, юртимизда инновацион ва креатив фикрлайдиган замонавий кадрлар тайёрлаш, ёшларни ватанпарварлик руҳида, юксак маънавият эгалари этиб тарбиялаш, шу мақсадда таълим тизимини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратди.

Таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида билим даргоҳлари қиёфаси тубдан ўзгарди, уларнинг моддий-техника базаси мустаҳкамланди. Айниқса, ёшларнинг сифатли таълим олиши, ўз устида ишлаб, етук кадр бўлиши учун барча шароитлар, қулайликлар яратилди.

Албатта, ушбу масалага бу даражада катта эътибор қаратилаётгани бежиз эмас. Боиси кучли таълимсиз, кучли кадрларсиз, жамиятда, мамлакатда юксалиш бўлмайди. Агар жамиятда олий маълумотга эга, юксак малакали мутахассислар қанча кўп бўлса, ривожланиш шунча тез ва самарали бўлади.

Президентимиз ҳузурида шу йил 6 май куни олий таълим тизими бўйича ўтказилган тақдимотда ҳам айнан билимли кадрларни танлаб олиш, имтиёзлар билан қўллаб-қувватлаш, салоҳиятли кадрларни тайёрлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилиб, мутасаддилар олдига аниқ вазифалар белгилаб берилди.

Чунки сўнгги 7-8 йил ичида олий таълим тизимида амалга оширилаётган ўзгаришлар мамлакатимиз аҳолисининг 60 фоизга яқин қисмини ташкил этаётган ёшларимиз орасидан билимли ёшларни адолатли танлов асосида олий таълимга қамраб олиш, соҳалар бўйича малакали мутахассис даражасида ўқитиш мамлакатимиз келажаги ва келгуси тараққиёти бугунги фарзандлармизга боғлиқ эканлигини яққол кўрсатиб турибди.

Агар рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, олий таълим муассасалари сони 2017 йилда 78 та бўлган бўлса, бугунги кунда уларнинг сони 210 тани ташкил этмоқда. Талабалар сони 2017 йилда 300 минг нафар бўлган бўлса, 2024 йилга келиб бу рақам 1 миллион 350 минг нафардан ортиқни ташкил қиляпти.

Қувонарлиси, илмли, иқтидорли ёшларимизни олий таълим тизимида таълим олишлари учун ажратилган давлат гранти асосида қабул квоталари 2016 йилга қадар йилдан йилга қисқариб борган бўлса, 2017 йилдан давлат грантлари асосида олий таълим муассасаларига талабаларни қабул қилиш учун ажратилган ўринлар сони ортиб бормоқда.

Эътибор беринг, бундан етти йил аввал давлат буюртмаси асосида  ўқиётган талабалар сони 106 минг нафарни ташкил этарди. 2024 йилга келиб биргина бакалавриат таълим йўналишлари кундузги таълим шакли бўйича давлат буюртмаси асосида ўқиётган талабалар сони 332 минг нафардан ортиқни ташкил этиб, қамров даражаси 9 фоиздан 42 фоизга етган.

Ҳозирги кунда бакалавриатда 306 та таълим йўналишлари, магистратурада эса 625 та мутахассислик мавжуд бўлиб, уларнинг айримлари халқаро стандартлар ва замонавий меҳнат бозори талабларига мос эмас. Бу эса битирувчиларда тўлиқ малака шаклланиши ҳамда уларни ишга жойлашишида қийинчиликлар туғдиряпти. Демак, бугун илғор хорижий тажриба асосида бакалавриат йўналишлари ва магистратура мутахассисликларини қайта кўриб чиқиш зарурати мавжуд.

Тақдимот жараёнида ушбу масалаларга алоҳида эътибор қаратилиб, таълимнинг халқаро таснифи, илғор хорижий тажриба асосида бакалавриат ва магистратура йўналишларини қайта кўриб чиқиш ҳамда айни пайтда талаб юқори бўлган соҳаларда янги йўналишлар очиш бўйича таклифлар билдирилди.

Шунингдек, олий ўқув юртларида таълим жараёнларини рақамлаштирган ҳолда деканатлар ва бошқа маъмурий тузилмаларни оптималлаштириш масаласи муҳокама қилиниб, 1 сентябрга қадар ўқув жараёнларини тўлиқ қайта кўриб чиқиб, янги тизимни жорий этиш бўйича кўрсатма берилди.

Давлатимиз раҳбарининг олий таълимга қабул тизимини янада адолатли қилиш ва давлат грантларини иқтидорга йўналтириш борасида билдирган фикрлари бугунги талаба-ёшлар ўй-хаёли ва орзусидаги воқелик реал ҳаётда ўз исботини топишига асос бўлди, десак янглишмаймиз. Негаки, 7 ёшдан 70 ёшгача бўлган инсон ҳар қандай соҳада рақобат бўлмаса ривожланиш бўлмаслигини тобора тушуниб, англаб етаётган замонда грант ўринларни талабанинг билимига, фанларни сифатли ўзлаштиришига ва энг асосийси, иқтидорга йўналтириши ўсиб келаётган ёш авлоднинг эртанги кунга ишончини янада ошишига хизмат қилади.

Сабаби, ҳозир амалда бўлган қабул тизими ва квоталарнинг тақсимланиши  талаба-ёшлар ўртасида рақобатни тўлиқ таъминламаслиги боис айрим абитуриентлар тест синовлари натижаларига кўра юқори балл тўплаган бўлса ҳужжат топширган олий таълим муассасасининг квотаси сонига қараб ўқишга киролмай қолган ҳолатлари кўп кузатилган.

Амалиётга киритилиши кўзда тутилган янги тартибга кўра, муайян бир йўналишга ажратилган давлат гранти доирасида юқори балл тўплаган абитуриент, танлаган олий таълим муассасасидан қатъий назар, давлат гранти бўйича ўқишга тавсия этилиши юксак орзу-истаклар бўйича катта ҳаётга қадам қўяётган ёшларимиз учун адолатли танлов бўлди десак, айни ҳақиқат.

Янги тартибга кўра, энди давлат гранти бакалавриат таълим йўналиши бўйича 3 ёки 4 йил давомида ўқийдиган битта талабага эмас, балки ҳар ўқув йили давомида ўқитиладиган фанларни юқори баҳоларга ўзлаштирган талабалар ўртасида қайта тақсимлаб берилади. Бу жараёнда тест синовлари ёки ижодий имтиҳон натижалари бўйича давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинган талабанинг олий таълим муассасасида давлат гранти бўйича ўқиши том маънода бир ўқув йили бўйича кафолатланади.

Соддароқ қилиб айтганда, агарда давлат гранти асосида қабул қилинган талаба ўқитиладиган фанлар бўйича ўқув йили давомида юқори кўрсаткичларга эриша олмайдиган бўлса, тўлов-шартнома асосида ўқишга қабул қилинган ҳамда фанларни ўзлаштириш бўйича юқори кўрсаткичлар эга бўлган бошқа талабага давлат гранти асосида ўқиш имкониятини беради.

Қабул қилинаётган янги тартиб адолатли рақобатни юзага келтириб, талабани ўз устида тинмай ишлашига, ўқиб-изланишига келгусида жамиятда ўз ўрнига эга бўлиши учун кенг имкониятлар яратади. Аслида ушбу саъй-ҳаракатлардан кўзланган мақсад ҳам олий таълимни қайта кўриб чиқиш орқали ўқитишда адолатни таъминлаш, таълим сифатини ошириш, хусусан, муҳандислик ва технология соҳаларида малакали кадрлар тайёрлашни кенгайтириш, академик таълимни тез суръатда, замонавий технологиялар асосида ишлаб чиқишдан иборатдир.

Ҳар бир соҳанинг ривожланиши таълим ва илм билан бевосита боғлиқ. Шундай экан, биз, депутатлар давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлашда доим фаол ва ташаббускор бўлишимиз керак. Зотан, бугун юртимизда таълим сифатини оширишга берилаётган катта эътибор эртага ўз самарасини беради.

 


 

 

 

Biz bilan bog'lanish

Savol, taklif va murojaatlaringizni bizga yo'llashingiz mumkin

Biz bilan bog'lanish

Savol, taklif va murojaatlaringizni bizga yo'llashingiz mumkin

Biz bilan bog'lanish

Savol, taklif va murojaatlaringizni bizga yo'llashingiz mumkin

Create a free website with Framer, the website builder loved by startups, designers and agencies.