Инсон манфаатларини таъминлашда масъуллик ва дахлдорлик
Siyosat
2024-05-20
487
Кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Қонунчилик палатаси Спикери Н. Исмоилов мажлис аввалида ўтган ҳафтада мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги муҳим воқеаларга тўхталиб ўтди. Хусусан, давлатимиз раҳбари таклифига биноан 17-19 май кунлари Малайзия Бош вазири Анвар Иброҳимнинг юртимизга расмий ташрифи ҳар томонлама самарали кечгани, ташриф давомида эришилган ўзаро келишувларни ҳаётга татбиқ этишда парламент имкониятларидан самарали фойдаланиш зарурлиги қайд этилди.
Шунингдек, Спикер барча тармоқлар қатори маданият ва санъат соҳаларини ривожлантириш бўйича ҳам тизимли ислоҳотлар олиб борилаётганига тўхталиб, жумладан, Тошкент шаҳрида миллий эстрада санъати асосчиси, Ўзбекистон халқ артисти Ботир Зокиров ҳайкали очилгани маънавият, маданият соҳасига қаратилаётган катта эътиборнинг ёрқин намунаси бўлганини таъкидлади. Президентимизнинг кино санъатини ривожлантириш борасидаги ташаббуслари юртимизнинг бой маданий меросини асраб-авайлаш, тарғиб қилиш ҳамда ҳозирги ва келажак авлодларга етказишда муҳим аҳамият касб этиши алоҳида эътироф этилди.
Шундан сўнг, мажлисда ер участкаларидан самарали фойдаланиш орқали маҳсулотлар етиштиришни кенгайтиришга, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар муҳофазаси самарали ташкил этилишига, аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд тоифаларини ишга жойлаштириш бўйича қўшимча кафолатларни таъминлашга, Ер кодексига ҳамда “Ижара тўғрисида”ги ва “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритишга қаратилган қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилди.
Ердан самарали фойдаланишда қулайлик ва имкониятлар
Мажлисда қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни иккиламчи ижарага бериш ва улардан самарали фойдаланиш тартибини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.
Қайд этилганидек, мазкур қонун лойиҳаси қуйи палатанинг жорий йил 27 февраль куни бўлиб ўтган мажлисида иккинчи ўқишда кўриб чиқилиб, ундаги айрим моддаларни қайта ишлаш, лойиҳани янада такомиллаштириш ва пишиқ-пухта ҳолатга келтириш ҳамда маромига етказиш мақсадида масъул қўмитага қайтарилганди.
Ўтган даврда масъул қўмита аъзолари берилган барча таклифлар ва билдирилган эътирозлардан келиб чиқиб, Ер кодекси ҳамда “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги қонунга киритилаётган нормаларни вилоятларга чиққан ҳолда, фермер хўжаликлари мисолида назорат-таҳлил тартибида ўрганишди.
Қўмита аъзолари ўрганишлар якунлари ҳамда фермер хўжаликлари томонидан билдирилган таклифларни эътиборга олган ҳолда, қонун лойиҳаси билан Ер кодексининг 40-моддасига ҳамда “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги қонуннинг 17-моддасида назарда тутилаётган нормаларни амалдаги таҳрирда қолдиришни мақсадга мувофиқ, деб топдилар.
Яъни, қонун лойиҳаси билан Ер кодекси ҳамда “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги қонунга қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларининг дала четларидаги каналлар, суғориш ва коллектор-дренаж тармоқлари атрофидаги майдонлари ўн йилгача бўлган муддатга иккиламчи ижарага берилиши мумкинлиги назарда тутилмоқда.
Шунингдек, ер эгалари, ердан фойдаланувчилар ва ижарачилар томонидан мазкур ер участкаларида ҳамда боғлар ва токзорларнинг қатор ораларига мақбул экинлар экилишини ёки тут кўчатлари ўтқазилишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Лойиҳа билан Ер кодексига пиллачилик ва тутчиликка ихтисослашган фермер хўжаликларига, агросаноат кластерларига ва бошқа юридик шахсларга майдони ўн гектаргача бўлган ер участкалари ажратилиши мумкинлиги белгиланмоқда.
Шу билан бирга, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси ҳамда Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини ва сувдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси органларининг маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишга доир ваколатлари назарда тутилмоқда.
Мажлисда Қонунчилик палатаси Спикери қонун лойиҳасининг аҳамиятига тўхталиб, сўнгги вақтларда мамлакатимизда ердан, сув ресурсларидан унумли фойдаланиш маданияти юксалиб бораётгани, аҳоли дала ёки шахсий томорқаларида қишлоқ хўжалиги маҳслотларини экиб, ернинг ҳар бир қаричидан самарали фойдаланиш чораларини кўраётгани, албатта, бу давлатимизнинг ушбу соҳага қаратилган оқилона сиёсати натижаси эканини таъкидлади. Шу маънода, ушбу қонун лойиҳасида муҳим янгиликлар акс этгани, депутатлар таклифи билан амалда таклиф этилаётган норма ўзгаргани, яъни жойлардаги фермер ва деҳқон хўжаликлари эгалари таклифлари инобатга олингани қайд этилди. Хусусан, янгиланган нормаларга кўра, асосий экинларнинг ривожланишига салбий таъсири бўлмаган ҳолларда боғлар ва токзорларнинг қатор ораларига даромад келтириш мумкин бўлган мақбул экинлар экилишини таъминлаш назарда тутилгани деҳқонларимизга қулайлик туғдириш баробарида, уларга имкониятлар бериши айтиб ўтилди.
Муҳокамалардан сўнг, қонун лойиҳаси депутатлар томонидан иккинчи ўқишда қабул қилинди.
Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясига ваколатлар бериляпти
Депутатлар ташаббуси билан ишлаб чиқилган — қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар муҳофазасини самарали ташкил этишга қаратилган қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, қишлоқ хўжалиги соҳасида давлат бошқарувини самарали ташкил қилиш мақсадида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясига қишлоқ хўжалиги ерларини муҳофаза қилиш бўйича давлат назоратини амалга ошириш вазифаси юклатилган.
Шундан келиб чиқиб, қонун лойиҳаси билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг айрим нормаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда. Яъни, Кодекснинг 2457-моддасига ўзгартириш киритиш орқали қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларга ҳамда қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларнинг чегара белгиларига оид маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколати Қишлоқ хўжалиги вазирлигидан Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясига ўтказилиши кўзда тутилмоқда.
Депутатларнинг фикрича, мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар муҳофазасини самарали ташкил этилишига хизмат қилади.
Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди.
Аҳоли ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларини ишга жойлаштиришда қўшимча кафолатлар
Мажлисда кўриб чиқилган навбатдаги ҳужжат — “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси бўлди.
Таъкидланганидек, бандлик соҳасидаги ислоҳотларнинг самарадорлигини ошириш, маъмурий ислоҳотлар доирасида бир қатор республика ижро этувчи ҳокимият органларининг трансформация қилинишидан келиб чиқиб, қонунчилик ҳужжатларида тегишли ўзгартиришлар киритиш заруратини юзага келтирмоқда.
Қонун лойиҳаси билан соҳадаги муносабатларни тартибга солувчи тўғридан-тўғри амал қилувчи нормалар назарда тутилмоқда. Хусусан, “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги Қонуннинг бир қатор моддаларига “давлат бошқаруви органлари” деган сўзларини “республика ижро этувчи ҳокимият органлари” сўзларига, “касб-ҳунар коллежи” сўзларини “коллеж” сўзига ўзгартириш таклиф этилмоқда.
Шунингдек, ушбу қонуннинг 38-моддасига иш ўринлари захирага қўйиладиган ижтимоий ҳимояга муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахслар тоифаларига оилавий (маиший) зўравонлик натижасида жабрланганлар ҳам киритилмоқда.
Муҳокамалар давомида депутатлар ушбу қонун лойиҳасининг аҳамияти ва айни чоғда заруратига алоҳида эътибор қаратиб, унда назарда тутилаётган айрим нормалар бўйича ўз таклифларини, фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Мазкур қонун лойиҳаси ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларини ишга жойлаштириш бўйича қўшимча кафолатларни таъминлашга, шунингдек, қонунчилик ҳужжатларини қўллаш амалиётидаги тафовутларни олдини олишга хизмат қилади.
Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди.
Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкалари электрон савдолар орқали ижарага берилади
Мажлисда қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини ижарага бериш тартибини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси ҳам қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди.
Ушбу қонун лойиҳаси билан Ер кодексига, “Ижара тўғрисида”ги ва “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги қонунларга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда. Хусусан, Ер кодексининг ер участкаси ижараси тўғрисидаги 24-моддасига ўзгартириш киритилиб, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини электрон онлайн-аукцион савдолари орқали ижарага бериш белгиланмоқда. Шунингдек, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкалари ижарачиларига ижарага берилган ер участкалари бўйича ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини бошқа шахсга ўтказишга, яъни қайта ижарага беришга рухсат этиш назарда тутилмоқда.
Қонун лойиҳасида ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқи кредит олиш учун гаровга қўйилган ва кредит мажбурияти бажарилмаган тақдирда, кредиторлар томонидан мазкур ер участкаларига бўлган ижара ҳуқуқини ердан фойдаланиш мақсадини ўзгартирмаган ҳолда онлайн-аукцион орқали реализация қилиш тартиби белгиланмоқда.
Депутатларнинг қайд этишича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши билан қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини жисмоний ва юридик шахсларга беришда турли баҳсли мезонларга таянган очиқ электрон танлов ўрнига шаффоф ва бозор тамойилларига асосланган электрон онлайн-аукцион савдолари жорий этилади.
Шу билан бирга, ер участкалари ижарачиларига ижарага олинган ерларга нисбатан ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини ердан фойдаланиш мақсадини ўзгартирмаган ҳолда бошқа шахсга ўтказишга рухсат бериш орқали қишлоқ хўжалиги ерларини бозор активига айлантириш имкони берилади.
Мажлисда мазкур қонун лойиҳаси юзасидан бир қатор депутатлар ўз мулоҳазаларини билдирди. Мунозараларда сўзга чиққан Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, ЎзЛиДеП фракцияси раҳбари Актам Хаитов қонун лойиҳасида қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкасини ижарага беришда муҳим шартлар белгилаб қўйилганига алоҳида тўхталиб ўтди. Яъни ижарага олувчи ер участкасидан камида уч йил давомида ўзи фойдаланган бўлиши шарт, деган норма киритилаётгани муҳим эканини ва буни тўла қўллаб-қувватлашини билдирди. Шу билан бирга, электрон онлайн-аукцион, очиқ электрон танлов ёки танлов ўтказмасдан, давлат органларининг қарорлари билан тўғридан-тўғри ижарага берилган ер участкаларини бошқа шахсга ўтказишга ижара ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб беш йилдан кейин йўл қўйилиши ҳам назарда тутилаётганини таъкидлади.
Фикр-мулоҳазалардан сўнг, қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди.
Ёшлар ишлари агентлиги директорининг ахбороти эшитилади
Мажлисда Ёшлар ишлари агентлиги директори А. Саъдуллаевнинг “Ёшларни ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоя қилишга, шунингдек, уларнинг бандлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича олиб борилаётган ишлар тўғрисида”ги ахборотини эшитиш ҳақидаги масала кўриб чиқилди.
Мазкур масала Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси ҳамда Ёшлар масалалари бўйича комиссияси ташаббуси билан кун тартибига киритилди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсати соҳасида кенг кўламли ишлар амалга оширилиб, соҳанинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш мақсадида “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. Янги таҳрирдаги Конституциямизда ҳам ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари алоҳида моддалар бидан муҳрлаб қўйилди.
Шунингдек, Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсатини янги босқичга олиб чиқиш, соҳадаги муаммоларга ечим топиш, ваколатли органлар фаолиятини самарали ташкил этиш ва мувофиқлаштириш мақсадида Ёшлар ишлари агентлиги ташкил этилиб, унга кенг ваколатлар берилган.
Ёшлар билан боғлиқ соҳа ва йўналишлардаги муаммоларни ҳал этишга қаратилган дастурларни амалга ошириш мақсадида яхлит инфратузилма яратилди.
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ёшлар муаммоларини бевосита маҳаллаларда ҳал этиш ва улар билан ишлашнинг янгича бошқарув механизмлари ишлаб чиқилиб, ҳар бир маҳаллада ёшлар етакчиси лавозими жорий этилди.
Мажлисда қайд этилганидек, Президент фармони билан “Ўзбекистон — 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурида ёшлар муаммоларини ҳал қилиш ва салоҳиятини юзага чиқариш, уларни талаб юқори бўлган касб-ҳунарга ўқитиш орқали бандлигини таъминлаш бўйича кўплаб вазифалар белгиланган.
Муҳокамаларда сўз олган Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, “Миллий тикланиш” ДП фракцияси раҳбари Алишер Қодиров қўмитанинг ташаббусини тўла қўллаб-қувватлашини билдирди. Унинг қайд этишича, Ўзбекистон дунёда саноқли ёшлар давлатларидан бири бўлиб, аҳолимизнинг 60 фоизидан ортиғи ёшларни ташкил қилади. Давлат раҳбарининг ҳар бир чиқишлари, учрашувларида ёшларнинг муаммоларини бартараф қилиш масалалари илгари сурилиши ҳам бежиз эмас. Ёшларга оид давлат сиёсати акс эттирилган барча ҳужжатларимизда Агентликка жуда кўп вазифалар юклатилган. Гувоҳи бўлаётганимиздек, бу ишларни амалга ошириш осон бўлмаса-да, Агентлик зиммасидаги ишларни самарали бажариб келмоқда. Бу ҳақда барчани хабардор қилишга унинг “овози” етмаслиги мумкин. Парламент ушбу ишларни жамоатчиликка билдириш учун кенг, катта ва ишончли майдон ҳисобланади.
Фракция раҳбари, шунингдек, Агентлик фаолиятига халал бераётган қонунчиликдаги камчилик ва бўшлиқлар борлигини биргаликда муҳокама қилишга эришиш лозимлигини қайд этиб ўтди.
Шулардан келиб чиқиб, мажлисда ёшларни ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоя қилиш, уларнинг бандлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича олиб борилаётган ишлар юзасидан Ёшлар ишлари агентлиги директорининг ахборотини эшитиш бўйича қарор қабул қилинди.
Мактабгача таълим ташкилотларида қандай муаммолар бор?
Депутатлар Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг биринчи ўринбосари — мактабгача таълим агентлиги директори А. Шинга “Мактабгача таълим соҳасида давлат-хусусий шерикликни қўллаб-қувватлаш мақсадида мактабгача таълим ташкилотларини малакали педагог кадрлар билан таъминлаш, замонавий таълим дастурлари ва технологияларни татбиқ этиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар тўғрисида” Қонунчилик палатасининг парламент сўровини юбориш ҳақидаги масалани кўриб чиқдилар.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда мактабгача таълим ва тарбия соҳасига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, республикамизнинг барча ҳудудларида давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этилган боғчалар фаолияти йўлга қўйилди.
Айни пайтда мамлакатимизда фаолият юритаётган жами 33 942 та боғчанинг, 27 162 таси нодавлат таълим ташкилоти ҳисобланади.
Аҳоли мурожаатлари, жойларда депутатлар томонидан олиб борилаётган парламент назорати тадбирлари, сайлов округларидаги учрашувлар жараёнларида мазкур таълим ташкилотларига методик ёрдам бериш, соҳага замонавий таълим дастурлари ва технологияларини татбиқ этиш, малакали педагог кадрларни жалб қилиш борасида бир қатор муаммолар борлиги кузатилмоқда. Масалан, давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этилаётган нодавлат таълим ташкилотларининг аксариятида Меҳнат кодексининг 122-моддасида белгиланган талаб, яъни иш берувчи ва педагог кадрлар ўртасида меҳнат шартномаси имзоланмаётган ҳолатлари учрамоқда.
Ушбу муаммолар мактабгача таълим ташкилотларида таълим сифатига салбий таъсир кўрсатиши билан бирга, давлат-хусусий шериклик асосидаги таълим ташкилотлари, оилавий боғчалар учун малакали педагог кадрлар етишмаслигига ҳам олиб келмоқда.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, мажлисда давлат-хусусий шериклик асосидаги нодавлат ҳамда оилавий мактабгача таълим ташкилотларида меҳнатга тўланадиган ҳаққа тенг шартларда ва ҳажмларда ҳақ тўлаш, ушбу ташкилотларда фаолият юритаётган номутахассис педагог кадрларни олий таълим муассасаларига жалб этиш борасида амалга оширилаётган ишлар бўйича асослантирилган тушунтиришлар бериш мақсадида Мактабгача таълим агентлиги директорига парламент сўровини юбориш бўйича қарор қабул қилинди.
Хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси — долзарб масала
Мажлисда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Б. Мусаевга “Хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини жорий этиш ҳамда меҳнат миграциясидан қайтиб келган шахсларни реинтеграция қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида” Қонунчилик палатасининг парламент сўровини юбориш ҳақидаги масала кўриб чиқилди.
Қайд этилганидек, қуйи палата депутатлари томонидан меҳнат миграцияси соҳасини тартибга солишга қаратилган қонунчилик ҳужжатларининг ижро этилиши ҳолати назорат-таҳлил тартибида ўрганиб борилмоқда.
Ўрганишларда маълум бўлишича, хорижда ишлаш истагида бўлган, лекин касбий малакага эга бўлмаган ёки чет тилини билмайдиган фуқаролар республикамизнинг барча ҳудудларида ташкил этилган мономарказлар ҳамда касб-ҳунарга ўқитиш марказларига ўқишга жалб қилиниб, иш берувчининг талабига мос равишда мақсадли тайёрланмоқда. Натижада, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан 2023 йилда 38,4 минг фуқаро хорижда ишлаш учун юборилган бўлса, мазкур кўрсаткич 2024 йил биринчи чорагининг ўзида 20,9 минг нафарни ташкил этмоқда.
Таҳлиллар соҳада амалга оширилаётган ишлар билан бирга ўз ечимини кутаётган қатор масалалар ҳам мавжудлигини кўрсатмоқда. Жумладан, кўплаб янги хорижий иш берувчилар ва рекрутинг агентликлари билан келишувларга эришилганига қарамай, меҳнат миграцияси йўналишларини диверсификация қилиш борасидаги ишларни ташкил этишда етарлича самарадорлик сезилмаяпти.
Шунингдек, хорижда ишлаш истагида бўлган, лекин касбий малакага эга бўлмаган ёки чет тилини билмайдиган фуқароларни касбга тайёрлаш, уларнинг билим ва кўникмаларини ошириш борасидаги ишларни ташкил этишда ҳам айрим камчиликлар мавжуд. Ишсиз фуқароларнинг хориждаги бўш иш ўринлари бўйича етарли маълумотга эга эмаслиги, таклиф этилаётган иш ўринларига қўйилаётган тил билиш ва малака талаблари жуда юқорилиги сабабли уларнинг ривожланган давлатларда меҳнат фаолиятини олиб боришларида турли муаммоларни юзага келтирмоқда.
Бундан ташқари, тегишли чоралар кўрилмаганлиги сабабли меҳнат мигрантлари томонидан хорижий давлат қонунчилигига риоя қилмаслик, иш ўринларини асоссиз ташлаб кетиш ҳолатлари ҳам кўп учрамоқда.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи шахсларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси маблағларидан самарали фойдаланиш, меҳнат миграциясидан қайтиб келган шахсларни реинтеграция қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан асослантирилган тушунтиришлар бериш ҳақида Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирига парламент сўровини юбориш бўйича қарор қабул қилинди.


