Глобал иқлим ўзгаришларига миллий мослашув
Munosabat
2024-05-12
689
Бугун жаҳон ҳамжамияти иқлим ўзгаришини инсоният олдида турган энг жиддий муаммолардан бири, деб тан олмоқда. Иқлим ўзгаришларига қарши ўз вақтида чоралар қабул қилмаслик унинг оқибатларини бартараф этиш учун мамлакатлар катта маблағларни йўналтиришига тўғри келади.
Маълумотларга кўра, ҳар йили 1,4 миллион киши тоза сув етишмаслиги сабабли вафот этмоқда. Илм-фан тараққий этаётган ХХI асрда сайёрамизда ҳар тўрт кишидан бири, яъни 2 миллиард инсон тоза ичимлик суви таъминотига эга эмас. Дунёда оқова сувларнинг 44 фоизи хавфсиз тарзда тозаланмаслиги 3,6 миллиард инсоннинг хавфсиз санитария шароитларига эга бўлиш ҳуқуқидан маҳрум қиляпти.
2050 йилга бориб сувга глобал талабнинг 55 фоизга ошиши эса инсониятни яна бир бор БМТ платформасида чуқур мулоҳоза қилган ҳолда ҳамкорликда ҳаракатларни тезлаштиришга чорламоқда.
Кейинги 15 йил ичида мамлакатимиз аҳоли жон бошига сув таъминоти
3 048 куб метрдан 1 589 куб метрга қисқарган. Жаҳон сув ресурслари институти томонидан эълон қилинган сув стрессидан азият чекаётган давлатлар рейтингида Ўзбекистон 164 та мамлакат орасида 25 ўринни эгаллайди.
Дунё аҳолиси сони кўпайиб борар экан, табиий ресурсларга, биринчи навбатда, сув ресурсларига эҳтиёж тобора ортмоқда. Юртимизда мавжуд сув ресурларининг 91 фоизи қишлоқ хўжалигида фойдаланилади. Бу эса сув танқислигининг олдини олиш учун энг мақбул чора сифатида экинларни суғоришда сувни тежовчи технологияларга ўтишни тақозо этмоқда.
Шу боис, сўнгги йилларда мамлакатимизда сув ресурсларини бошқариш ва уларни муҳофаза қилиш борасида мукаммал ташкилий-ҳуқуқий асослар шакллантирилди. Масалан, соҳага доир кўплаб Президент фармон ва қарорлари мамлакатда сув ресурсларидан самарали фойдаланишда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётир.
Ушбу йўналишда олиб борилаётган чора-тадбирлар натижасида ҳозирги кунда сувни тежайдиган технологиялар қамраб олган майдон суғориладиган майдонларнинг қарийб 25 фоизини ташкил қилиб, бунинг ҳисобига 2023 йилда салкам 7 млрд. куб метр сув иқтисод қилинган ҳолда, 830 минг гектар такрорий экин майдонларини суғоришга йўналтирилди. Умуман, бу борадаги ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев шу йил 10 май куни қишлоқ хўжалигини иқлим ўзгаришига мослаштириш, ерлардан самарали фойдаланиш ва соҳани илмий ривожлантиришга қаратилган таклифлар тақдимоти билан танишиш давомида ҳам ушбу масалаларга алоҳида эътибор қаратиб, бу борада мутасаддилар олдига аниқ вазифаларни белгилаб берди.
Мамлакатимизда 3 миллион гектар яйлов ва экин ерлари деградацияга учраган, 2 миллион гектарга яқини турли даражада шўрланган. Хорижий экспертлар иқлим ўзгариши сабабли 2030 йилга бориб, минтақамизда сув ресурслари қарийб 6 фоизга қисқаришини айтмоқда. Бу эса ўз вақтида зарур чоралар кўришни тақозо этади.
Бу борада қишлоқ хўжалигида иқлим ўзгаришига мослашиш ва соҳанинг иқлимга салбий таъсирини юмшатиш бўйича 52 банддан иборат миллий дастур ишлаб чиқилгани айни муддао бўлди. Сабаби, ушбу Дастур доирасидаги чора-тадбирларга 294 миллион доллардан ортиқ грант маблағлари жалб қилинади.
Ушбу маблағлар ҳисобидан эса Оролбўйида 1 миллион гектардаги агроэкологик ландшафтлар ҳамда деградацияга учраган яйловлар ҳолати яхшиланади. Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро ва Қашқадарё вилоятларида иҳотазорлар барпо қилинади. Сув таъминоти оғир ерларда қизилмия, наъматак, кунжут, артемия етиштириш йўлга қўйилади.
Шунингдек, иқлим ўзгаришини таҳлил ва башорат қилиш бўйича марказ тузилиб, 5 та вилоятда агрометеорология станциялари ўрнатилади. Италия билан ҳамкорликда Интенсив уруғчилик ва кўчатчилик халқаро маркази, шўрга ва сувсизликка чидамли экинлар бўйича эса уруғчилик хўжалиги ташкил этилади.
Сир эмаски, Амударёнинг қуйи минтақасида сувни тежаш масаласи жуда долзарб ҳисобланади. Шу сабабли Қорақалпоғистонда ерни лазерли текислаш харажатлари учун субсидия ажратиш режалаштирилмоқда. Бунда пахта, бошоқли дон ва шоли етиштирувчиларга лазерли текисланган ҳар бир гектар майдонга сарфланган ёқилғи-мойлаш материаллари харажати 100 фоизгача қисмини қоплаш учун Давлат бюджетидан субсидия берилиши эътиборга моликдир.
Биринчи босқичда бу Тўрткўл, Беруний ва Амударё туманларида амалга оширилади. Натижада бундай майдонларда ҳосилдорлик ўртача 5-7 центнерга ошади ва сув сарфи 15-20 фоиз тежалади. Буларнинг барчаси қишлоқ хўжалигини ривожлантириш билан бирга, пировардида одамларнинг турмуш фаровонлигини ошириш, уларни бандлигини таъминлашга туртки бўлади.
Эндиликда биз, депутатлар мамлакатимизда олиб борилаётган демократик ислоҳотларнинг ҳуқуқий асосларини таъминлашга алоҳида масъулият билан ёндашиб, фаоллик кўрсатишимиз лозим. Энг аввало, соҳанинг ҳуқуқий жиҳатларини тартибга солувчи асосларни такомиллаштириш, хусусан, “ақлли қишлоқ хўжалиги” тамойили йўғрилган Сув кодексини ишлаб чиқишимиз керак. Зеро, устувор вазифалар ҳар бир депутатни янада фаолроқ бўлишга, ушбу соҳа ривожи учун самарали меҳнат қилишга ундайди. Залворли вазифаларнинг ҳаётга кенг татбиқ этилиши қишлоқ хўжалигини иқлим ўзгаришига мослаштириш, ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш орқали иқтисодиёт барқарорлигини таъминлаш, аҳоли даромадларини ошириш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади.


