Қонунчилик талабларига қай даражада риоя этилмоқда?
Siyosat
2024-05-16
475
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитасининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси ҳамда Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини ва сувдан фойдаланишни назорат қилиш инспекциясининг “Қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасидаги қонунчилик талабларига риоя этилиши ҳолати тўғрисида”ги ахбороти эшитилди.
Таъкидланганидек, 2023 йилда Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси томонидан қишлоқ хўжалиги соҳасида қонунчилик талабларига риоя этилиши юзасидан 21 949 та текширувлар ўтказилган. Улар давомида аниқланган қонун бузилиши ҳолатлари бўйича инспекция ваколати доирасида ҳуқуқбузарларга нисбатан 2,1 млрд. сўмлик маъмурий жарималар қўлланилган.
Қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл қурилиш техникаларини техник ҳолатини, улардан фойдаланиш самарадорлиги, шунингдек, сервис ва таъмирлаш хизматларининг сифати устидан ҳам қатъий назорат олиб борилган.
Инспекция ходимлари томонидан 2024 йилнинг биринчи чорагида қишлоқ хўжалиги соҳаларидаги қонун ва қонуности ҳужжатларига риоя қилиниши ва ижроси юзасидан 17 508 та мониторинг ўтказилган.
Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан фойдаланишни назорат қилиш соҳасида ўтказилган ўрганишлар давомида 166 гектар ерларда қонунбузилиш ҳолатлари аниқланиб, етказилган зарар ҳисобланган.
Йиғилишда мазкур масала юзасидан Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини ва сувдан фойдаланишни назорат қилиш инспекциясининг ахбороти ҳам тингланди.
Маълум қилинганидек, 2023 йилда “Гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги тўғрисида”ги Қонун ва гидротехника иншоотлари хавфсизлигига доир қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя этилиши устидан амалга оширилган 251 та назорат тадбирлари доирасида 1610 та камчиликлар аниқланган.
2023 — 2024 йилларнинг кузги-қишки мавсуми учун суғориш ишларига ажратилган 10,7 миллиард куб метр сув олиш лимитларини ҳар бир истеъмолчига етказилиши ҳамда ундан оқилона ва самарали фойдаланилиши устидан назорат ўрнатилган. Аниқланган камчиликлар юзасидан эса Инспекция ваколати доирасида 5049 та огоҳлантириш берилган.
Мунозаралар давомида депутатлар бугунги кунда кўплаб қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер майдонларида қурилиш ишлари олиб борилаётганини айтиб, ушбу ерлардан тупроқнинг унумдор қатламини сидириб олиш, сақлаш ва ундан фойдаланиш бўйича қандай чоралар кўрилаётганлигини сўрадилар.
Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси вакили ушбу масала юзасидан атрофлича тушунтиришлар бериб ўтди. Бу борада Инспекция томонидан муайян ишлар амалга оширилаётганини билдирди.
Депутатлар, шунингдек, сув хўжалиги соҳасида қонунчилик ҳужжатларини аҳолига тушунтириш, сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тартиби бузилишининг олдини олиш бўйича қандай чоралар кўрилаётгани билан қизиқдилар.
Мутасаддиларнинг айтишича, бу борада муайян ишлар қилинмоқда. Хусусан, амалга оширилган ишлар натижасида 57 та ҳолатда сув хўжалиги қурилмаларига етказилган зарарлар бартараф этилиб, 1559 та сув олиш жойлари сувни бошқариш ва ўлчаш воситалари билан жиҳозланган.
Мунозаралар давомида келгусида ҳам ушбу соҳадаги ишларни изчил давом эттириш, сувдан оқилона фойдаланиш тизимини янада такомиллаштириш, аҳолининг қишлоқ хўжалиги махсулотларига бўлган талабини қондиришга қаратилган бир қатор таклиф ва тавсиялар берилди.
Якунда мазкур масала юзасидан қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.


