Минтақамиз аёллари имкониятларини янада кенгайтиради
Munosabat
2024-05-12
758
Дунё тарихида илк бор ташкил этилган Осиё хотин-қизлар форумида иштирок этишга муяссар бўлдик. Ушбу тарихий тадбир осиёлик хотин-қизларнинг турли соҳалардаги имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилувчи ёндашувларни муҳокама қилиш учун муҳим платформа вазифасини ўтайди.
Форум давомида муҳокама қилинган мавзуларнинг кўлами ва ранг-баранглиги менинг эътиборимни тортди. Унда, биринчи навбатда, аёлларнинг мамлакатлар ижтимоий-иқтисодий ҳаётини ривожлантиришдаги ўрни ва ролини ошириш, уларнинг сиёсий фаоллигини ошириш борасида тажриба алмашинилди. Эътиборлиси, хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш сиёсати муваффақиятли амалга оширилаётган Ўзбекистон тажрибаси алоҳида эътироф этилди.
Бундан ташқари, минтақамиздаги аёллар дуч келаётган умумий муаммолар муҳокама қилиниб, уларни ҳал этиш йўлларини излашга эътибор қаратилди. Ушбу форум хотин-қизларнинг мавқеини ошириш учун биргаликда ҳаракат қилишга ундайдиган ғоялар маконига айланди, десак муболаға бўлмайди.
Мазкур тадбир фақатгина ҳаракатларни бирлаштириш орқали ҳақиқий ўзгаришларни амалга ошириш мумкинлигини яна бир бор тасдиқлаб берди. Қитъамиздаги 53 та давлатда жами 2 миллиард 300 млн.дан ортиқ аёллар мавжуд. Бу эса Осиё фуқароларининг 48,8 фоизига тенгдир. Демак, минтақа аёлларининг ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши, умумий уйимиз — сайёрамиз равнақига ҳисса қўшиши мумкин бўлган адолатли ва тенг ҳуқуқли жамият яратиш йўлидаги саъй-ҳаракатларимизни бирлаштиришимиз лозим.
Қизғин ва манзилли муҳокамалар тўғри хулосаларга олиб келади, деб ўйлайман. Тадбирда янграган фикр-мулоҳазалар, тадқиқотлар натижалари минтақамиз аёлларининг имкониятларини янада кенгайтиришга хизмат қилувчи бошланғич нуқтага айланишига ишонаман.
Ўз навбатида, биз, Ўзбекистон парламенти аъзолари ушбу йўналишдаги фаолиятимизни давом эттирган ҳолда, хотин-қизларнинг ҳаётини яхшилашга, уларнинг оғирини енгил қилишга қаратилган қонунларни қабул қилишга бор куч-ғайратимизни сафарбар қиламиз.


